Йил бошидан буён солиқ органлари ва йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати вакиллари томонидан бошқа мутасадди тузилмалар билан ҳамкорликда ноқонуний йўловчи ташувчиларни аниқлаш бўйича 3500 дан зиёд рейдлар уюштирилди. Натижада 7500 нафар жисмоний шахс ноқонуний фаолият билан шуғулланаётгани аниқланди, дея хабар қилди Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати.

Жисмоний шахсларга солиқ солиш бош бошқармаси бошлиғи Азиз Ғиёсовнинг маълумотларига кўра, жаримага тортилган жами маблағлар 6,5 млрд сўмни ташкил этди.

Ноқонуний равишда киракашлик қилаётган фуқаролар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1763- моддасига мувофиқ, энг кам иш ҳақининг 20 баробаридан 100 баробаригача миқдорда жаримага тортилиши белгилаб қўйилган. Ушбу қонунбузарлик бир йил давомида қайта содир этилса, янада оғирроқ жавобгарлик белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 майдаги қарори билан автомобиль транспортида йўловчи ташиш учун аҳолига пуллик хизмат кўрсатувчи ҳар бир корхона автотранспорти лицензия карточкаси, таксометр, назорат-касса машинаси ва тўлов терминаллари билан жиҳозланган бўлиши шарт.