«Соғлом авлод учун» халқаро хайрия жамғармаси Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА)дан мобиль клиника вазифасини ўтовчи 10 дона Mercedes-Benz автомобилини қабул қилиб олди.

7 апрель куни ташкил этилган машиналар тақдимотида Ўзбекистонда ташриф билан бўлиб турган ТИКА раҳбари Сердар Чам иштирок этди.

Автомобиллар Самарқанд, Сирдарё, Хоразм, Фарғона, Андижон, Наманган, Тошкент вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистондаги филиалларнинг тиббий-ижтимоий бригадалари учун мўлжалланган.

Аввалроқ эса ТИКА «Соғлом авлод учун»га икки дона Peugeot автоамбулансини тақдим этган эди.

Қайд этиш жоизки, айни пайтда жамғарма қошида KOFIH — Корея халқаро соғлиқни сақлаш жамғармаси (доктор Ли Жонг Вук хотираси фонди) томонидан тақдим этилган 25 дона махсус Hyundai машиналари базасидаги ҳудудлараро ҳаракатланувчи тиббий-ижтимоий ёрдам бригадалари фаолият кўрсатмоқда. 2013 йилда KOFIH жамғармага Hyundai H1 автоамбулансини ҳам етказган эди.

«Соғлом авлод учун» жамғармаси 1993 йилнинг апрелида ташкил топган. Унинг фаолияти ўсиш ёшидаги авлодлар саломатлигини таъминлаш, оналик ва бололикни муҳофаза қилиш, болаларнинг жисмоний, интеллектуал ва одоб-ахлоқли бўлиб вояга етиши учун зарур шарт-шароитларни яратишдан иборат.