Исламджан Эргашходжаев Тошкент вилояти ҳокимининг маъмурий масалалар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, ўзини ўзи бошқариш органлари ва ёшлар сиёсати бўйича биринчи ўринбосари этиб тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги сайтидаги маълумотлар гувоҳлик бермоқда.

Исламджан Эргашходжаев (1970 йилда туғилган, Тошкент Давлат юридик институти битирувчиси) мазкур лавозимга тайинлангунга қадар 2011 йилдан пойтахт вилоятининг Пскент тумани ҳокими лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.

Унгача эса Оҳангарон туман прокурори (2011 йил), Оҳангарон шаҳар прокурори (2009-2011) ва Тошкентнинг Миробод тумани прокурори (2004-2009) лавозимларида ишлаган.

1999-2004 йилларда Ўзбекистон Бош прокуратурасида турли лавозимларда фаолият кўрсатган.

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 24 февралдаги қарори билан вилоятлар, Тошкент шаҳри, шаҳарлар ва туманлар ҳокимиятларининг бошқарув аппаратининг янгиланган тузилмаси тасдиқланди. Ўзгаришларга кўра, вилоятлар ва пойтахт ҳокимлари ўринбосарлари сони ҳокимнинг маъмурий масалалар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, ўзини ўзи бошқариш органлари ва ёшлар сиёсати бўйича биринчи ўринбосари лавозимининг жорий этилиши ҳисобига беш нафардан олти нафарга оширилди.