РИА Новости — Россиянинг «Газпром» компанияси ҳамда «Ўзбекнефтгаз» Миллий холдинг компанияси жорий йилда 4 миллиард куб метр ўзбек газини сотиб олиш бўйича шартномани имзолади. Бу ҳақда «Газпром»нинг янги еврооблигациялар чиқарилишига бағишланган меморандумида сўз боради.

Январь бошида «Газпром» раҳбари Алексей Миллер компания 2016 йилда Ўзбекистондан газ харид қилиш ҳажмини оширишни режалаштираётганини маълум қилган эди. Охирги марта Ўзбекистондан газ сотиб олиш тўғрисидаги шартнома ва мамлакат ҳудуди бўйлаб 2013-2015 йилларда газ ташилиши ҳақидаги келишув 2012 йил декабрида имзоланган эди.

«Ўзбекнефтгаз» билан мазкур шартноманинг тузилиши «Газпром» ҳамда Туркманистоннинг «Туркмангаз» давлат концерни ўртасидаги муносабатлар кескинлашган бир вақтга тўғри келди. Ҳар икки компания туркман газига Россия компаниялари учун белгиланган нарх юзасидан бир тўхтамга кела олгани йўқ.

Бунга қадар — 2015 йил аввалида эса «Газпром» харид қилинаётган ўзбек гази ҳажмини тўрт баробарга, яъни 1 миллиард куб метргача қисқартиришни режалаштирган эди.