Ўзбекистонда бу йилги қиш мавсуми кузатувлар бошлангандан бери энг иссиғи бўлди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Гидрометеорология хизмат маркази маълум қилди.

Мамлакат ҳудудида узоқ муддат давомида, айниқса февраль ойида, сақланиб турган иссиқ ва қуруқ об-ҳаво жанубий минтақа (Эрон) ҳудудларида вужудга келган кўп миқдордаги иссиқ ва қуруқ ҳаво оқимининг кириб келиши билан изоҳланмоқда. Қишнинг сўнгги ойида ҳарорат рекорд натижа қайд этмаган бўлса ҳам, меъёрдагидан 5,6 даража баландроқни ташкил этди.

Февралнинг иссиқ келиши сўнгги 15 йил мобайнида тез-тез кузатилмоқда — Тошкентда ҳар уч февралнинг иккитасида ўртача ҳаво ҳарорати меъёридан 3-4 даража юқори бўлмоқда, 2006, 2004 ва жорий йилда эса бу кўрсаткич 5 даражадан баландроқни ташкил этди.

Март ойи бошида Ўзбекистонда қуруқ ва жуда илиқ ҳарорат сақланиб қолмоқда. Ҳаво ҳарорати кечаси +7…+12 даража, кундузи +20…+25 даража атрофида бўлиб. 6-8 март кунлари баъзи жойларда ҳавонинг +27 даражагача исиши кутилмоқда.

«Ўзбекистонда баҳорнинг бошланиши беқарор об-ҳаво ва ҳароратнинг сезиларли даражада ўзгарувчанлиги билан характерланади. Ёғингарчиликлар асосан ёмғир кўринишида тушади, бироқ қарийб ҳар йили бир-икки ҳолатда март ойида қор ёғаётгани кузатилмоқда, — деб таъкидлади Ўзгидромет мутахассислари. — Бу республика ҳудудининг иқлимий ўзига хослиги билан боғлиқ ҳолат».

Март ойида Ўзбекистон ҳудудида Россиянинг Европа қисмидан совуқ ҳаво оқимининг кириб келиши фаол ҳолатда бўлади. Бундай оқим кам ҳолларда Урал, баъзида эса Ғарбий Сибирдан келадиган совуқ ҳаво массаси билан ўрин алмашиши мумкин. Айни пайтда, март ойида қаттиқ баҳорги иссиқ ҳароратга сабаб бўлувчи жанубий жараёнлар ҳам фаоллашади. Мартдаги одатий ҳарорат кечалари -3…+2 даражадан +5…+10 даражагача, кундузи +5…+10 дан +20…+25 даражагача бўлади. Энг иссиқ вақтларда ҳаво +33…+35 даражагача исийди. Пойтахтда мутлақ энг юқори иссиқ ҳарорат эса 32,5 даражани ташкил этган (1971 йил 16 мартда қайд этилган).

Йилнинг шу даврига оид бўлган энг мураккаб об-ҳаво шароитига ўтган йилнинг мартини мисол қилиб келтириш мумкин. 2015 йилнинг март ойи охирида республика ҳудудига Урал минтақасидан жуда совуқ ҳаво массаси қисқа муддатда кириб келган эди. 29-31 март кунлари Ўзбекистоннинг катта қисмида қор кўринишидаги ёғингарчиликлар кузатилди. Ҳарорат тезда совиб, кечаси -2…-7 даражага, айрим жойларда -8…-10 даражагача тушиб кетди, кундузи эса 0 даража атрофида бўлди ва сўнгги 50 йил ичида мартнинг сўнгида кузатилган энг совуқ ҳарорат сифатида қайд этилди. Ўтган йилнинг 30-31 март кунлари мамлакат ҳудудининг катта қисмини шу вақтгача март ойининг охирида кузатилмаган энг совуқ оқими эгаллаб олди. 31 март куни Тошкентда ҳаво ҳарорати мазкур сана учун кўп йиллик метеокузатувлар мобайнидаги мутлақ минимум кўрсаткичдан 4,5 даража паст бўлди.