Жума куни ФИФА штаб-квартираси жойлашган Швейцариянинг Цюрих шаҳрида ташкилотнинг навбатдан ташқари конгресси бўлиб ўтди. Конгрессда Ўзбекистон Футбол Федерацияси номидан ЎФФ бош котиби Сардор Раҳматуллаев иштирок этди. Унга ЎФФ матбуот котиби Санжар Ризаев хамроҳлик қилди.

Конгресс кун тартибидаги асосий масала ФИФА президентлик сайловлари бўлди, хабар бермоқда ЎФФ матбуот хизмати. Президентлик учун Иордания шаҳзодаси Али ибн ал Ҳусайн, ОФК президенти Шайх Салмон ибн Иброҳим Оли Халифа, Жером Шампань, Жанни Инфантино ҳамда Токйо Сексвале номзодлари қўйилган эди. Ҳар бир номзодга минбарда нутқ сўзлаши учун 15 дақиқадан вақт берилганида Токйо Сексвале сайловда ўз номзодини қайтариб олишини маълум қилди.

Овоз бериш жараёнининг биринчи даврасида натижалар қуйидагича кўриниш олди:

Шаҳзода Али — 27, шайх Салмон ибн Иброҳим — 85, Жером Шампань — 7, Жанни Инфантино — 88 овоз.

Иккинчи тур натижаларига кўра овозлар қуйидагича тақсимланди: Шахзода Али ибн Ал Ҳусайн — 4, Шайх Салмон ибн Иброҳим Оли Халифа — 88, Жером Шампань — 0, Жанни Инфантино — 111.

Шу тариқа, 2009 йилдан буён УЕФА бош котиби лавозимида фаолият олиб борган швейцариялик Жанни Инфантино ФИФАнинг янги президенти этиб сайланди.