Тошкентда «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясининг 24 йиллиги муносабати билан Uzbekistan Airways Technics авиакорхонасида АҚШнинг Boeing корпорацияси ҳамкорлигида ташкил этилган Самолётларнинг композит материалларини таъмирлаш маркази очилди, хабар берди ЎзА.

Тадбирда Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Ботир Зокиров, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» бош директори Валерий Тян, «Boeing тижорат самолётлари» бўлимининг Яқин Шарқ, Россия ва Марказий Осиёда савдо бўйича вице-президенти Мартин Бентротт сўзга чиқди.

Boeing корпорацияси янги марказни ташкил этишга ярим миллион доллар миқдорида беғараз сармоя киритди. Ушбу маблағлар ҳисобидан титан қотишмаларига ишлов бериш ва самолёт тумшуғини таъмирлаш учун инерт муҳитли печлар, барча турдаги ҳаво кемаларининг композит эҳтиёт қисмларини таъмирлаш имконини берадиган ускуналар етказиб берилди.

Марказнинг самарали фаолият юритишини таъминлаш мақсадида малакали кадрлар жалб этилди. Улар Boeing русумидаги самолётларнинг композит эҳтиёт қисмларини таъмирлаш бўйича таълим олган, механиклар Сингапурда назарий ва амалий тайёргарликдан, муҳандислар эса Сиэтлда назарий тайёргарликдан ўтган. Шунингдек, жорий йилда Uzbekistan Airways Technics мутахассисларини Boeing-787 Dreamliner лайнерларининг композитдан тайёрланган эҳтиёт қисмларини таъмирлаш бўйича ўқитиш режалаштирилган.

Айни пайтда Миллий авиакомпания Boeing-787 Dreamliner самолётларидан фойдаланишга тайёргарлик кўрмоқда. Дастлабки иккита шундай самолёт шу йилнинг кузида келтирилиши кутилмоқда. Узоқ ва ўта узоқ халқаро йўналишларда фойдаланиладиган ушбу самолёт Тошкент-Нью-Йорк йўналиши бўйлаб тўхтовсиз парвоз қилиш имконини беради.

«Ўзбекистон миллий авиаташувчиси МДҲ давлатлари орасида иккита Boeing-787 Dreamliner самолётини сотиб олиш бўйича шартнома тузган дастлабки компаниядир», — деди Мартин Бентротт.

2015 йилда «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиалайнерлари 23,2 мингдан зиёд парвозларни амалга оширди. 2,5 миллиондан ортиқ йўловчи компания хизматларидан фойдаланди. 42 минг тоннага яқин юк ташилди.

Яқин истиқболда «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Жанубий кореялик ҳамкорлар билан биргаликда «Тошкент-4» янги йўловчи терминалини қуриш бўйича қўшма лойиҳани амалга оширмоқда.

Фото