Ўзбекистонда ҳар йили ноябрнинг иккинчи якшанбаси тиббиёт ходимларининг касб байрами сифатида нишонланади.

Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида ушбу санага бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди, деб хабар қилади ЎзА.

Унда қишлоқ врачлик пунктлари, оналик ва болаликни муҳофазалашга ихтисослашган шифохоналар, санитария-эпидемиология назорати марказлари, шифокорлар ва ҳамширалар ўртасида ўтказилган танловларнинг 2015 йилги ғолиблари эълон қилинди.

Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманидаги «Қумқишлоқ», Навоий вилоятининг Навбаҳор туманидаги «Учтут», Наманган вилоятининг Уйчи туманидаги «Хизиробод» қишлоқ врачлик пунктлари энг намунали бирламчи тиббий-санитария муассасалари, деб топилди.

Хоразм вилоятининг Хива туманидаги «Огоҳий» қишлоқ врачлик пункти шифокори Феруза Юсупова «Йилнинг энг фаол умумий амалиёт шифокори», Бухоро тумани кўп тармоқли марказий поликлиникаcи ҳамшираси Шаҳноза Сатторова «Йилнинг энг яхши патронаж ҳамшираси» номинациялари бўйича ғолиб бўлди.

Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманидаги 4-шаҳар юқумли касалликлар шифохонаси шифокори Дилдора Аҳмаджонова «Оналик ва болаликни муҳофазалаш борасида энг фаол тиббиёт ходими», Республика давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бўлим мудири Абдуҳаким Саримсоқов «Санитария-эпидемиология хизматининг энг фаол мутахассиси», деб топилди.

14 та тиббиёт муассасаси оналик ва болаликни муҳофазалаш бўйича энг яхши шифохона номинацияси совриндори бўлди.

ЎзАнинг маълумот беришича, мамлакат тиббиёт муассасаларида 70 дан ошиқ врач ва 310 мингдан кўп ўрта махсус таълимга эга тиббиёт ходимлари меҳнат қилмоқда.