27 октябрь куни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 9 ой якунларига бағишланган ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар қилади вазирлик ахборот хизмати.

Илгари Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси Coscom (Ucell савдо белгиси), Unitel (Beeline), RWC (Perfectum) ва «Ўзбектелеком» (Uzmobile) мобил алоқа операторлари кўрсатаётган хизмат сифатини таҳлил қилиб кўриб, «Телекоммуникациялар тўғрисида»ги қонуннинг 22-моддаси бузилаётганини аниқлаган эди.

«Операторлар ва провайдерлар… кўрсатилаётган хизматлар сифати белгиланган стандартлар, қоидалар ва нормаларга мувофиқ бўлишини таъминлашга мажбур».«Телекоммуникациялар тўғрисида»ги қонуннинг 22-моддаси.

Шу муносабат билан ва мобил алоқа операторлари абонентларининг шикоятлари таҳлилидан келиб чиқиб, мазкур операторларга сифатли мобил алоқа хизматларини қонунчиликка мувофиқ кўрсатиш юзасидан зарур чораларни амалга ошириш вазифаси юклатилди.

Вазирлик ҳайъати мажлисида мамлакатдаги барча алоқа операторлари раҳбарлари ва вакиллари иштирок этганини алоҳида қайд этиш лозим.

Мажлисда Қашқадарё, Сурхондарё ҳамда Самарқанд вилоятларида ахборот-коммуникация технологиялариниг жорий қилиниш ҳолати танқидий муҳокама қилиниб, ҳудудий бошқарма бошлиқларига ҳамда «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш маркази раҳбариятига ҳудудларда, маҳаллий давлат идоралари фаолиятида АКТни жорий қилиш жараёнлари суръатини ошириш юзасидан вазифалар белгилаб берилди.

Вазирлик маълумотига кўра, 2015 йилнинг 9 ойи мобайнида ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш тизимида фаолият кўрсатаётган корхоналар кўрсатган хизматлар ҳажми олдинги йилнинг шу даврига нисбатан 16,4 фоиз ошиб, 3,4 трлн сўмга етди. Жумладан, аҳолига ушбу йўналишда 2,38 трлн сўмлик хизмат кўрсатилди (ўсиш ҳажми 17, 5 фоиз).

Халқаро ахборот тармоқларидан фойдаланишнинг умумий тезлиги йил бошига нисбатан 27, 7 фоиз ўсиб, 21, 25 Мбит/с.га етди.

Айни вақтгача Ўзбекистон ҳудудининг 54 фоизи рақамли телевидение сигналлари билан қамраб олинди, йил охирига қадар ўрнатиш назарда тутилган 19 та рақамли телеузаткичлар орқали бу кўрсаткич 70 фоизга етказилади.