Ўзбек спортчиси Анастасия Сердюкова бадиий гимнастика бўйича Брнода (Чехия) бўлиб ўтган Гран-при мусобақаларида 4 та медаль соҳибаси бўлди, дея хабар қилади Гимнастика федерацияси.

16-18 октябрь кунлари бўлиб ўтган мусобақаларда Австралия, Беларусь, Исроил, Қозоғистон, Латвия, Россия, Словакия, Чехия ва Ўзбекистон гимнастикачилари иштирок этди.

Анастасия Сердюкова чамбарак (натижа — 17,550) ва копток (17,700) билан машқ бажаришда бронза медаллари совриндори бўлди.

У чўқмор машқларида кумуш (17,350), лента машқларида эса олтин медални қўлга киритди.

Кўпкураш натижаларига кўра, Сердюкова тўртинчи ўринни (68,250) эгаллади.