Жорий йилнинг 9 ойи якунлари бўйича мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 8,0 фоиз ўсди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларига бағишланган мажлисида маълум қилинди, деб хабар қилади ЎзА.

Саноат ишлаб чиқариши 7,3 фоиз, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари — 6,6 фоиз, истеъмол товарлари — 10,1 фоиз, чакана савдо айланмаси 15 фоиз ва хизматлар — 12,9 фоиз ўсди.

Давлат бюджети профицит билан ижро этилди. Инфляция даражаси прогноз параметрлардан ошмади, дея таъкидланади агентлик хабарида.

748,7 мингта янги иш ўринлари, шу жумладан, қишлоқ жойларда 451,6 мингта янги иш ўрни ташкил этилди.

«Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастури доирасида кексаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларни ижтимоий муҳофаза қилишни кучайтириш тадбирларини амалга ошириш давом эттирилмоқда, ушбу тадбирларни молиялаштиришга барча манбалар ҳисобидан 2,0 триллион сўмдан кўпроқ маблағ йўналтирилди.

Янги қишлоқ массивлари қурилишида замонавий намунавий лойиҳалар бўйича 9300 та якка тартибдаги уй-жой фойдаланишга топширилди.

Хусусий мулкни, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш юзасидан қабул қилинган чора-тадбирлар дастурини изчил амалга ошириш кичик бизнеснинг 21,4 мингта ёки 2014 йилнинг шу давридагига қараганда 6,0 фоиз кўп янги субъектини ташкил этишга кўмаклашди. Кичик бизнес субъектларига давлат мулкининг 17,8 мингта фойдаланилмаётган объектлари ижарага берилди, умумий суммаси 9,6 триллион сўм банк кредитлари ва микрокредитлар ажратилди.

9 ой мобайнида ўзлаштирилган инвестициялар 9,9 фоиз, шу жумладан, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш 7,4 фоиз ўсди. 3 440 та янги объект фойдаланишга топширилди, юқори технологик ва замонавий ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича 76 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тугалланди.

Мажлисда Ўзбекистон миллий автомагистрали таркибига кирувчи автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш объектлари бўйича 1,0 триллион сўмдан ортиқ маблағ ўзлаштирилгани қайд этилди.