Ўзбекистонлик спортчилар бокс бўйича Доҳада (Қатар) бўлиб ўтган XVIII жаҳон чемпионатида учта кумуш ва учта бронза медалини ютиб олди, деб хабар қилади мамлакат Бокс федерацияси.

14 октябрь куни финалда Муроджон Аҳмадалиев (вазни 56 кг.гача) ирландиялик Михаэл Конланга 0:3, Фазлиддин Ғоибназаров (64 кг.гача) россиялик Виталий Дунаятцевга 1:2, Бектемир Мелиқўзиев (75 кг.гача) эса кубалик Арлен Лопесга 0:3 ҳисобида ютқазди. Ушбу уч боксчимиз кумуш медаль билан бирга Рио-де-Жанейродаги Олимпиада-2016 йўлланмасини ҳам қўлга киритди.

Олдинроқ Элнур Абдураимов (60 кг.гача), Элшод Расулов (81 кг.гача) ва Баҳодир Жалолов (91 кг.дан ошиқ) бронза медалларига сазовор бўлган эди.

Чемпионатда 69 та мамлакатдан қитъа мусобақаларидаги саралаш босқичидан ўтган 243 нафар боксчи иштирок этди. Унда 10 та медаллар тўплами ва 23 та олимпиада йўлланмаси ўйналди.