Ўзбекистон Олий хўжалик суди Россиянинг «Евроцемент груп» назоратидаги «Оҳангаронцемент» компаниясига (Оҳангарон, Тошкент вилояти) олти йил учун қўшимча солиқ тўлашни юклади, деб хабар қилади РИА Новости.

Корхонанинг матбуот хабарномасида қайд этилишича, суд «Оҳангаронцемент»дан 2009-2014 йиллардаги қўшимча фойда ва солиқ ўз вақтида тўланмагани учун пеня ундирилганини қонуний деб топди. Қўшимча солиқ тўлови миқдори ошкор қилинмади.

Завод Бош прокуратурага «Ўзбекистон Республикаси Олий Хўжалик судига иш бўйича қарорни қайта кўриб чиқиш учун эътироз киритиш»ни сўраб мурожаат қилди, дейилади хабарномада.

«Евроцемент групп» Ўзбекистон томонининг заводнинг ушбу мамлакатдаги фаолияти билан боғлиқ эътирозларга олдин ҳам дуч келган эди. 2014 йил июлида Тошкент вилояти хўжалик суди Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг «Оҳангаронцемент»нинг 1994 йил августидаги хусусийлаштирилишини ноқонуний деб топиш тўғрисидаги даъвосини қаноатлантирган эди. Ўшанда суд корхонанинг мулки ва банкдаги ҳисоб рақамларига банд солди. Июль охирида завод акционерлари шикоят аризаси берди. 2014 йил декабрида заводнинг хусусийлаштирилишини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги қарор бекор қилинди.

2006 йил августида «Евроцемент груп» ушбу цемент заводининг 75,6 фоиз акциясини Швейцариянинг Zeromax GmbH компаниясидан сотиб олди. Айни пайтда Россия компанияси корхонанинг 83,92 фоиз акциясига эгалик қилади, 16,08 фоизлик акция эса улуши кам акциядорларга тегишли.

1961 йилда асос солинган «Оҳангаронцемент» республикадаги иккинчи катта цемент заводидир. Ишлаб чиқаришнинг «ҳўл» усулига кўра, унинг қуввати йилига 1,8 миллион тоннадир.

2014 йил июнида «Евроцемент груп» China CAMC Engineering компанияси билан «Оҳангаронцемент» базасида йилига «қуруқ» йўл билан 2,4 млн тонна цемент ишлаб чиқарадиган нархи 128 млн долларлик янги завод қуриш бўйича шартнома тузди.

Ўтган йил натижаларига кўра, завод 2013 йилга нисбатан цемент ишлаб чиқаришни 5 фоиз, яъни 1,7 млн тоннага қадар оширди.