6 октябрь куни Вильнюсда Ўзбекистон ва Литва ташқи ишлар вазирликлари делегациялари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг олтинчи раунди бўлиб ўтди, деб хабар тарқатди Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.

Мулоқот давомида сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, инвестиция, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда муносабатларни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари ҳамда айрим халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Томонлар Ўзбекистон-Литва алоқаларини кенгайтириш, уларга кўп қиррали тус бериш ҳамда ҳамкорликнинг қўшма механизмларини фаоллаштириш зарурлигини таъкидлади. Икки мамлакат давлат ва жамоат ташкилотлари, етакчи иқтисодий институтлари ҳамда кичик ва ўрта бизнес вакиллари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни мустаҳкамлашга ўзаро қизиқиш билдирилди.

Учрашувда ўзаро алоқаларни Ўзбекистон-Европа Иттифоқи форматида ҳамда БМТ ва бошқа ташкилотлар доирасида янада чуқурлаштириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.