2014 йил октябридан 2017 йил декабрига қадар Олий Суднинг БМТТД ва USAID билан бирга «Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик» қўшма лойиҳаси амалга оширилмоқда. Куни кеча ушбу қўшма лойиҳа доирасида E-SUD электрон судлов ахборот тизими жорий этилган судларга ОАВ вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди.

Ушбу электрон судлов ахборот тизими фуқароларнинг судларга электрон тарзда мурожат этиши, иш юзасидан ўз вақтида маълумотлар олиши, шунингдек, судлардан суд қарори ва бошқа ҳужжатларни тез ва очиқ тарзда олишини таъминлашга қаратилган.

«Ўзбекистон суд идорaлари билан ҳамкорлигимизнинг учта асосий жиҳати мавжуд: биринчиси — суд тизимини такомиллаштириш йўлида бирга ишлаш, иккинчиси — E-SUD электрон судлов тизимини жорий қилиш ва учинчиси — ташаббусларимизни бундан буён кенгайтириб бориш», — дея таъкидлади БМТТднинг Ўзбекистондаги доимий вакили Стефан Приснер (қуйидаги суратда ўртада).

Судларнинг унумли иш олиб боришини таъминловчи янги услубларни амалга татбиқ этиш, жумладан, улар фаолияти ошкоралигини ҳамда судлар тўғрисидаги маълумотлар очиқлигини яхшироқ таъминлашга қаратилган ахборот ва коммуникация технологияларини жорий этиш муҳим аҳамиятга эга, дейилади ушбу тадбир муносабати билан қўшма лойиҳа ахборот хизмати тарқатган матбуот хабарномасида.

Айни пайтда БМТТД кўмагида Ўзбекистон Республикаси Олий Суди 2013 йилда ишлаб чиққан E-SUD электрон судлов ахборот тизимини амалиётга татбиқ этиш бўйича ижобий тажриба тўпланганини алоҳида қайд этиш лозим.

Ушбу қўшма лойиҳанинг миллий мувофиқлаштирувчиси Холмўмин Ёдгоровнинг билдиришича, мазкур тизим фуқаролик ишлари бўйича Зангиота туманлараро судида тажрибадан ўтказилди ва икки йил мобайнида E-SUD тизими орқали жисмоний ва юридик шахслардан 40 мингдан зиёд электрон ариза келиб тушди.

Эндиликда «Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик» қўшма лойиҳасини кенгайтириш ишлари бошлаб юборилди ҳамда фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳридаги учта: Шайхонтоҳур, Мирзо Улуғбек ва Яккасарой туманлараро судларида уни амалга ошириш бўйича тайёргарлик ишлари ниҳоясига етди.

«Лойиҳанинг апелляция судларида фуқаролик ишларини кўриб чиқиш бўйича модулини яратиш мақсадида ишлаб чиқилган техник топшириқ Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва Коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги экспертлари кўригидан ўтди ва ишлаб чиқишга тавсия этилди. Тез орада кассация ва назорат инстанция судлари учун қўшимча дастурий таъминот ишлаб чиқиш ҳам режалаштирилмоқда», — дейилади хабарномада.

Лойиҳа вакилларининг фикрича, Зангиота туманидан тажриба кутилганидан ҳам зиёда натижа берди. Миллий мутахассислар ишлаб чиққан E-SUD электрон судлов ахборот тизимининг МДҲ мамлакатларида ўхшаши йўқ ва тажриба жараёнида ушбу тизим юксак салоҳият ва истиқболга эга экани исботланди.