Ўзбекистонда 20 январдан маҳаллий поезд чипта нархлари оширилади. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, юқори тезликда ҳаракатланувчи «Афросиёб» электропоездлари ҳамда «Шарқ», «Насаф» ва «Ўзбекистон» тез юрар поездларининг чипталар нархи 20 фоизга ошмоқда.

Хусусан, «Афросиёб» электропоездлари билетлари нархлари қуйидагича этиб белгиланмоқда:

Тошкент — Бухоро — Тошкент (нархлар фақат бир томон учун)

  • VIP — 636 минг сўм (ҳозир — 530 минг сўм);
  • бизнес — 462 минг сўм (385 минг);
  • эконом — 336 минг сўм (280 минг).

Тошкент — Қарши — Тошкент

  • VIP — 534 минг сўм (455 минг);
  • бизнес — 390 минг сўм (325 минг);
  • эконом — 282 минг сўм (235 минг).

Тошкент — Самарқанд — Тошкент

  • VIP 396 минг сўм (330 минг);
  • бизнес 276 минг сўм (230 минг);
  • эконом 204 минг сўм (170 минг).

Компаниянинг таъкидлашича, ушбу қарор Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги идоралараро тариф комиссияси қарорига мувофиқ, темирйўл инфратузилмасини ислоҳ қилиш, электр энергияси — ёнилғи, логистика ва транспорт харажатларини қоплаш мақсадида қабул қилинган.

Шунингдек, йўловчи вагонлари паркини янгилаш, янги юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездларни харид қилиш, темир йўл вокзалларини давр талабларига мувофиқ сақлаш мақсадида амалга оширилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, бундан 2 ойча аввал ҳам маҳаллий поездлар чипта нархлари кўтарилганди. Хусусан, йўловчи поездларида нархларнинг тариф қисми 44 фоизга, «Афросиёб» электропоездлариники эса 60 фоизга оширилганди.

Аввалроқ 2024 йил 1 январдан юқори тезликда ҳаракатланадиган ва тезюрар поездларда йўловчиларни ташиш хизматлари тарифларини давлат томонидан тартибга солиш амалиётидан воз кечилиши ва уларни бозор тамойиллари асосида тартибга солиш механизмига ўтилиши хабар қилинганди.