23 апрель куни Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонасида Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романининг илк араб тилидаги таржимасига оид тақдимот бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар қилди.

Қайд этилишича, асар таниқли таржимонлар Айн-Шамс ва Луксор университети профессори Муҳаммад ал-Жибали томонидан араб тилига ўгирилди. Таржимада асарнинг эски ўзбек ёзувидаги илк нусхасидан ҳамда рус ва инглиз тилларидаги таржималаридан фойдаланилган. Китоб тақдимоти Абдулла Қодирий таваллудининг 130 йиллигини нишонлаш доирасида ўтказилди.

Тадбирни очиб берган Ўзбекистон элчиси Мансурбек Қиличев ўз нутқида собиқ иттифоқ даврида ўзбек адибларининг кўплаб асарлари хорижий тилларга таржима қилингани, лекин «Ўткан кунлар» романи рус тилидан бошқа бирор тилга таржима қилинмаганини таъкидлади. Ҳатто асарнинг рус тилидаги таржимаси ҳам цензурага учраб, қатор ўзгартиришларга юз тутган.

Элчихона кўмагида орадан 100 йил ўтиб ушбу роман араб дунёси ўқувчиларига илк маротаба «Ўткан кунлар: Туркистондаги аччиқ севги қиссаси» номи остида тақдим этилмоқда.

ўткан кунлар, абдулла қодирий

Чоп этилган китоб муқовасида Абдулла Қодирий авлодлари тавсиясига кўра, романнинг 1925 йилдаги илк нашрининг суратидан фойдаланилган. Китоб қаттиқ муқовада ва сарғиш рангли силлиқ қоғозда чоп этилган. Минтақадаги энг йирик «Дор ул-Маориф» нашриётида 1000 нусхада чоп этилган китобни Мисрдаги барча йирик кутубхоналар ва университетлар, таълим ва маданият муассасалари, давлат идоралари, Қоҳирадаги дипломатик корпус ўртасида тарқатиш режалаштирилган. Бошқа араб давлатларида ҳам мазкур роман таржимасини қайта чоп этиш назарда тутилмоқда.

Мисрдаги элчихона маълумотига кўра, «Ўткан кунлар» романининг араб тилига таржима қилишда Саудия Арабистонида истиқомат қилаётган ўзбекистонлик Саид Маҳмуд Косоний, доктор Муртазо Сайдумаров, шайх Ҳусайнхон Яҳё Абдумажидов, Миср-Ўзбекистон дўстлик жамияти раиси, профессор Магди Заъбал, таржимон Феруза Галиева ҳамда ўзбек тили бўйича мутахассислар Раҳма Ибраҳим, Ҳабиба Меҳмет Али ва бошқалар ёрдам берган.

Асарни араб тилида мутолаа қилишни истаганлар Тошкентдаги Абдулла Қодирий уй-музейига ёки Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонасига мурожаат қилишлари мумкин.

Китоб Ўзбекистондаги йирик кутубхоналар ва университетларга ҳам тақдим этилади, шунингдек, бепул онлайн платформаларга жойлаштирилади, дейилади хабарда.