Қорақалпоғистонда жойлашган Оролбўйида кичик турдаги динозавр суяги аниқланди. Бу ҳақда Фанлар академиясининг Қорақалпоқ табиий фанлар илмий тадқиқот институти мудири Иззет Аимбетов ЎзАга маълум қилди.

Унинг айтишича, 2023 йил сентябрь ойида словакиялик палеонтолог олимлар Оролбўйи ҳудудларида тадқиқот ўтказиб, ноёб топилмаларни аниқлаган.

«Улар орасида сувда яшайдиган динозавр кичикроқ турининг суяги ҳам бор. Олимлар юртларига қайтиб кетишди ва жорий йилнинг апрель ойи бошида яна Қорақалпоғистонга келиб, тадқиқот ишларини давом эттириб, Устюртда динозавр изини топишди», — деди у.

Фанлар академияси ходимининг таъкидлашича, динозавр излари геологик жараён натижасида тошга айланиб қолади, шу сабабли ҳозир олимлар тош изларни чуқур ўрганмоқда.

«Дала тадқиқот ишлари давомида топилган динозавр боласининг суяклари кўпчиликда қизиқиш уйғотмоқда. Палеонтологларнинг айтишича, бундай ноёб суяклар ҳозирча АҚШ, Руминия, Хитой ва Қорақалпоғистонда топилган. Ҳозир ушбу дала тадқиқотлари натижаси ҳақида дунёдаги нуфузли журналларга 3 та катта мақола тайёрланмоқда», — деди Иззет Аимбетов.

Унинг қўшимча қилишича, олимлар яна кўплаб ноёб суяклар топган, аммо Ўзбекистонда уларни таҳлил қилиш имкони бўлмагани туфайли словакиялик олимлар топилмаларни ўрганиш учун олиб кетган.

Иккинчи экспедицияда иштирок этиш учун Франциядан олимлар келиб, Қоратоғ тоғлари, Устюрт, Нукус, Хўжайли, Тахиатош туманларидан ноёб суяклар топган. Ушбу суяклар Фанлар академиясининг Қорақалпоғистон бўлимида сақланмоқда.

Хабарда айтилишича, иккита экспедиция жараёнида топилган суяклар 70 миллион йил олдин яшаган ҳайвонларнинг суяклари бўлиб, шу суяклар орқали олимлар ернинг тарихини ўрганади.