UzAuto Motors 23 апрель куни соат 10:00 да белгиланган муддатда тўлов қилинмаган шартномалар ҳажми ҳисобидан контрактацияни қайта очади, дея хабар берди компания матбуот хизмати.

«Эслатиб ўтамиз, автомобиль хариди учун тузилган шартномалар бўйича тўлов белгиланган муддатга қадар амалга оширилмаса, мазкур шартномалар автоматик равишда бекор қилиниб, мунтазам контрактацияга қайта қўйиб борилади. Харидорларга Damas модели учун аввалги контрактациядан чиқарилган ҳажмлар яна қайта тақдим этилади. 23 апрель куни соат 10:00 да мазкур ҳажм учун онлайн контрактация очилади», — дея қайд этган компания.

Шунингдек, автомобиллар нархи ўзгаришсиз қолиши таъкидланган.

Damas автомобиллари учун шартнома тузиш фақат savdo.uzavtosanoat.uz сайти орқали амалга оширилиши мумкин. Компаниянинг Telegram боти ҳамда UzAvtosavdo иловаси навбатни кузатиш хизматини ҳамда мавжуд автомобиллар ҳақида маълумотни тақдим этади.

Эслатиб ўтамиз, компания 2023 йилнинг декабрь охирида 2024 йилда ишлаб чиқарилиши режалаштирилаётган Cobalt, Damas ва Labo автомобиллари учун шартномаларни тузиб бўлинганини билдирганди. Оммабоп автомобиллар контрактацияси даврида жами 171,2 мингдан ортиқ шартнома берилган.

Аввалроқ компания мазкур автомобиллари нархини 3,5−6,7 фоиз оралиғида ошириш бўйича хабар эълон қилганди. Компания, шунингдек, босқичма-босқич дилерларга кейинчалик сотиш учун автомобиль сотиб олиш имконини берадиган «ривожланган мамлакатларда қабул қилинган сотув тизими»ни жорий қилишини қайд этди.

Лекин бироз ўтиб, нархларни ошириш бўйича якуний қарор ҳали қабул қилинмагани таъкидланди. «Контрактация жараёни олиб борилмаётганини инобатга олиб, chevrolet.uz сайтидаги нархлар 2024 йилнинг 4-чораги учун прогноз кўрсаткичлари асосида ҳисоблаб чиқилган», — дейилади хабарда.