Ўзбекистон автомобиль бозорида кетма-кет учинчи ой фаолликнинг пасайиши кузатилмоқда, дея хабар берди Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази.

Март ойи якунларига кўра, мамлакатда автотранспорт воситаларининг умумий савдоси деярли 109 минг донани ташкил этди ва автомобиль бозори ой давомида 5,8 фоизга қисқарди.

Инфографика: Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказиИнфографика: Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Март ойида 96,5 мингта енгил автомобиллар сотилди, бу февралга нисбатан 12,1 фоизга кам. Ҳудудлар бўйича Сурхондарё, Фарғона ва Навоий вилоятларида енгил автомобиллар бозорида савдо ҳажмининг энг катта пасайиши қайд этилди.

2024 йилнинг I чораги якунларига кўра, енгил автомобиллар савдоси 3,2 фоизга қисқариб, 334,3 мингта автомобилни ташкил этди.

Бирламчи бозор

Бирламчи енгил автомобиллар бозорида пасайиш тенденцияси кузатилмоқда. Ой давомида сотувлар 16,7 фоизга камайган ҳолда 24 мингдан ортиқ автомобилни ташкил этди. Шу билан бирга, автомобиль бозорининг бу сегменти 2023 йилга нисбатан бироз ўсди (0,2 фоизга).

Бундан ташқари, ой давомида мамлакатда ишлаб чиқарилган 19,54 мингта енгил автомобиллар сотилди, бу 2023 йилнинг март ойига нисбатан 17,2 фоизга кам.

Импорт автомобиллар

Ой давомида хорижда ишлаб чиқарилган автомобиль бозори савдоси 13,7 фоизга пасайди. Март ойида жами 2,3 мингта хорижий автомобиллар сотилган. 2023 йилнинг март ойига нисбатан сотувлар 20 фоизга камайди.

Иккиламчи бозор

Мартда енгил автомобиллар иккиламчи бозорида сотувлар 10,6 фоизга камайди. Ой давомида жами 74,6 мингта ҳайдалган енгил автомобиль сотилган. Йиллик кўрсаткичларда 16 фоизлик сезиларли пасайиш кузатилди.

Электромобиллар бозоридаги вазият

Мутахассислар март ойида электромобиллар бозори мўътадиллаша бошлаганини қайд этган. Ой давомида енгил электромобиллар савдоси атиги 0,1 фоизга ошган. Йиллик ҳисобда сотувлар 2,4 баробар кўпайган. 2024 йилнинг I чораги якунларига кўра, савдо ҳажми ҳам 3,7 баробарга кўпайиб, 8 мингта автомобилдан ошди.

автомобиль бозори, иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Эслатиб ўтамиз, февраль якунига кўра, Ўзбекистонда барча турдаги автомобиллар савдоси ой давомида 20,4 фоизга, йиллик ҳисобда эса 6,3 фоизга қисқарганди. Ой давомида енгил автомобилларга бўлган талаб 14 фоизга камайган.