Ўзбекистонда 2024 йил 1 апрель ҳолатига кўра, янги туғилган чақалоқлар сони 205 713 нафарни ташкил этди, бу 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 4,3 фоизга кам. Бу ҳақда Статистика агентлиги чораклик ҳисоботда маълум қилди.

Мамлакатда ўлим ҳолатлари кўпайган. 2024 йил бошидан буён бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 3,1 фоизга ошиб, 40 197 нафарни ташкил этди. Аҳолининг табиий ўсиши ҳам 6 фоизга камайиб, 165 минг 516 нафарни ташкил қилди.

Аҳолининг ўртача ёши эркакларда 28,5 ёшни ташкил этди. Бу кўрсаткич 2014 йил 27,3 ёш, 2004 йил эса 24,8 ёшни ташкил этган. Аёлларнинг ўртача ёши эса 30 ёшни ташкил қилган. Аёлларнинг ўртача ёши 2014 йил 28,6 ёш, 2004 йил эса 26,1 ёшни ташкил қилган.

аҳоли, демография, статистика агентлиги

Аҳоли зичлиги

Ўзбекистон Республикасида 2024 йил 1 апрель ҳолатига 1 квадрат километрга ўртача 82,3 киши тўғри келган. Бу эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан солиштирилганда 1,7 кишига ортган (2023 йил 1 апрель ҳолатига 1 кв километрга 80,6 киши).

Ҳудудлар бўйича қарайдиган бўлсак, аҳоли зичлигининг энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳрида 6826,7 киши, Андижон вилоятида 792,8 киши, Фарғона вилоятида 603,5 кишини ташкил этган бўлса, энг паст кўрсаткичлар Навоий вилояти 9,7 киши, Қорақалпоғистон Республикасида 12,1 кишини ташкил этган.

аҳоли, демография, статистика агентлиги


Туғилиш

2024 йил январь-март ойларида тирик туғилганлар сони 205,7 минг кишини ташкил этди, шундан ўғил болалар сони 106,6 минг кишини, қиз болалар сони 99,1 минг киши, тирик туғилганлар сони шаҳар жойларида 104,7 минг кишини, қишлоқ жойларида 101,0 минг кишини ташкил этди.

2024 йилнинг январь-март ойларида қайд этилган туғилишларни чақалоқлар сони бўйича таҳлил этилганда қуйидаги улушга эга бўлганлиги кузатилди: 1 нафар туғилганлар 97,7 фоизни, 2 нафар туғилганлар 2,2 фоизни, 3 нафар ва ундан ортиқ туғилганлар 0,1 фоизни ташкил этди.

2024 йил январь-март ойларида туғилган чақалоқлар отасининг ёши бўйича 7 фоиз чақалоқлар отасининг ёши 25 ёшгача, 83,2 фоизининг отаси 25−39 ёшларга ҳамда 9,8 фоиз чақалоқларнинг отаси 40 ёш ва ундан катта ёшдагилар ҳиссасига тўғри келган.

Шунингдек, туғилган чақалоқлар онасининг ёши бўйича 35,9 фоиз чақалоқлар онасининг ёши 25 ёшгача, 62,7 фоизининг онаси 25−39 ёшларга ҳамда 1,4 фоиз чақалоқларнинг онаси 40 ёш ва ундан катта ёшдагилардан иборат бўлган.

аҳоли, демография, статистика агентлиги

Ўлим

2024 йил январь-март ойларида вафот этганлар сони 40,2 минг кишини ташкил этди, шундан эркаклар сони 21,9 минг кишини, аёллар сони 18,3 минг киши, вафот этганлар сони шаҳар жойларида 22,5 минг кишини, қишлоқ жойларида 17,7 минг кишини ташкил этди.

2024 йилнинг январь-март ойларида қайд этилган ўлим ҳолатининг 57,9 фоизи — қон айланиш тизими касалликларидан, 7,5 фоизи — нафас олиш аъзолари касалликларидан, 9,1 фоизи — ўсимталардан, 4,5 фоизи — бахтсиз ҳодиса, заҳарланиш ва жароҳатланишлардан, 4,1 фоизи — овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликларидан, 1,2 фоизи — юқумли ва паразитар касалликлардан, 15,7 фоизи бошқа касалликлардан вафот этганлар.

аҳоли, демография, статистика агентлиги

Ташқи миграция

2024 йил январь-март ойларида Ўзбекистонга хорижий мамлакатлардан кўчиб келганлар сони 561 кишини ташкил этиб, шундан эркаклар сони 266 кишини, (47,4 фоиз) аёллар сони эса 295 кишини (52,6 фоиз) ташкил этди.

Ўзбекистонга хорижий мамлакатлардан кўчиб келганларнинг асосий қисми Россия (жами хориждан кўчиб келганларга нисбатан 37,4 фоиз), Қозоғистон (21,9%), Тожикистон (11,2 фоиз), Қирғизистон (8,0 фоиз), Туркманистон (1,4 фоиз) ва бошқа мамлакатлар (20,1 фоиз) ҳиссасига тўғри келган.

2024 йил январь-март ойларида Ўзбекистондан хорижий мамлакатларга кўчиб кетганлар сони 2586 кишини ташкил этиб, шундан эркаклар сони 1 323 кишини, (51,2 фоиз) аёллар сони эса 1 263 кишини (48,8 фоиз) ташкил этди.

Ўзбекистондан хорижий мамлакатларга кўчиб кетганларнинг асосий қисми Қозоғистон (жами 82,2 фоиз), Россия Федерацияси (13,8 фоиз), Жанубий корея (0,8 фоиз), Қирғизистон (0,9 фоиз), Туркманистон (0,3 фоиз) ва бошқа мамлакатлар (2,0 фоиз) ҳиссасига тўғри келган.