16 апрель куни Шавкат Мирзиёев транспорт ва қурилиш соҳасидаги лойиҳалар тақдимоти билан танишди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

2022 йилнинг 29 августида Урганч шаҳрида Ал-Хоразмий шаҳарчаси қурилишига пойдевор қўйилганди. У ерда кўп қаватли уйлар, мактаб ва боғчалар, спорт ва маданият марказлари, хиёбонлар, технопарк ва бошқа мажмуалар барпо этилади. Хусусан, шаҳарча марказида Ал-Хоразмий университети қурилади.

Лойиҳага кўра, бу олийгоҳда математика ва табиий фанлар, информатика, муҳандислик факультетлари бўлади, 4 минг талаба таълим олади. Университет қошида истеъдодли болалар учун ихтисослашган мактаб ҳам бўлади. Шу тариқа, бу ерда ўқиш, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси йўлга қўйилиб, таълим кластери яратилади, дейилади хабарда.

Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Ал-Хоразмий университети Тошкент ахборот технологиялари университетининг филиали эканини айтди. Энди у мустақил университетга айланади.

Президент «университет концепциясини янги мазмун билан тўлдириш» бўйича топшириқ берди. У ёшларнинг тадқиқотлари учун замонавий лабораториялар ташкил этиш, стартап лойиҳаларини тижоратлаштириш, рақамли технологиялар ва киберспорт йўналишларини жорий қилиш муҳимлигини таъкидлади.

Президент ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикаси Беруний тумани марказида музей ташкил этиш режалаштирилган. У икки қаватли бўлиб, энг илғор қурилмалар билан жиҳозланиши, интерфаол усуллар қўлланилиши мўлжалланган. Музей олдидаги хиёбонда Берунийнинг муаззам ҳайкали ўрнатилади.

Тақдимот чоғида Шавкат Мирзиёев лойиҳани амалга оширишнинг бир қанча вариантларини кўриб чиқди ва уларни янада такомиллаштириш, қурилиш ва хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш бўйича кўрсатмалар берди.

Аввалроқ ушбу тақдимотда Тошкент халқаро аэропорти негизида янги карго терминалини қурилиши кўрсатилгани хабар қилинганди. Бунинг натижасида хизмат кўрсатиш қуввати суткасига 70 тоннадан 300 тоннага етади. Uzbekistan Airports раҳбари Жавлонбек Умархўжаевнинг айтишича, ҳозирги терминал сифатли ва вақтида хизмат кўрсатиш имконини бермаяпти.

«Газета.uz», шунингдек, аэропортни реконструкция қилиш лойиҳасига батафсил тўхталган.