Миллий банклараро процессинг маркази (Humo) хусусийлаштирилади. Бу президентининг 19 апрелдаги иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорида назарда тутилган.

Тўлов тизими давлат акциялари ёки акциялар пакетлари очиқ кимошди савдосига қўйилиши керак бўлган 247 та компания рўйхатига киритилди.

Президентнинг 30 ноябрдаги қарори билан Марказий банкнинг Бош ахборотлаштириш марказига тегишли бўлган Humo тўлов тизимидаги давлат улуши (100 фоиз) тўлиқ Давлат активларини бошқариш агентлиги (ДАБА) га ўтказилганди.

Ўшанда Humo тўлов тизимининг Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилиши хусусийлаштириш билан боғлиқ эмас, дея маълум қилганди агентлик «Газета.uz»га. Таъкидланишича, Марказий банк балансида банклараро процессинг марказининг мавжудлиги манфаатлар тўқнашувига олиб келиши мумкин.

Маълумот учун, миллий тўлов тизими 2018 йил сентябрь ойида яратилган. Ўшанда чакана тўловларни қайта ишлаш бўйича давлат процессинг марказининг мавжуд эмаслиги миллий тўлов тизимининг хавфсизлик даражасини пасайтириши, тўлов инфратузилмасининг ягона интеграциялашувига йўл қўймайслиги ва битта монополия тизимининг ҳукмронлигига олиб келиши таъкидланганди.

Humo ўша пайтдаги ягона процессинг маркази — хусусий тузилма бўлган Uzcard дастурий таъминотидаги катта носозликдан кейин тузилган.