16 апрель куни Шавкат Мирзиёев транспорт ва қурилиш лойиҳалари тақдимоти билан танишди, дея хабар бермоқда давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

Қайд этилишича, сўнгги йилларда Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти модернизация қилиниб, йўловчиларга шароит яхшиланган. Хизмат турлари, рўйхатдан ўтказиш ва самолётга чиқиш йўлаклари кўпайтирилган. Уч йиллик реконструкция ишлари натижасида пойтахт аэропортининг жўнаб кетиш терминали майдони 56 минг квадрат метрдан 80 минг квадрат метргача кенгайган.

Тошкент халқаро аэропорти негизида янги карго терминалини қуриш режалаштирилмоқда. Бунинг самарасида юкларга сифатли хизмат кўрсатиш қуввати 300 тоннага етади, дейилади хабарда.

Жавлонбек Умархўжаев. Фото: «Ўзбекистон 24»Жавлонбек Умархўжаев. Фото: «Ўзбекистон 24»

«Бугунги кунда кўп компаниялар томонидан юк ташувлари амалга оширилмоқда. Ҳозирги карго терминалининг сиғими сифатли ва ўз вақтида хизмат кўрсатиш имкониятини бермаяпти. Шу муносабат билан терминалнинг сиғимини суткасига 70 тоннадан 300 тоннагача олиб чиқамиз», — деди Uzbekistan Airports компанияси раиси в.б. Жавлонбек Умархўжаев.

Ҳозирги кунда аэропортдаги учиб кетиш терминали реконструкция қилинмоқда. Бу уч босқичда амалга оширилиб, рўйхатдан ўтказиш, божхона ва хавфсизлик имкониятлари кенгайтирилади. Йўловчиларга хизмат кўрсатиш қуввати соатига 1200 кишидан 2400 нафарга етади.