Ўзбекистонлик гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов Халқаро шахмат федерациясининг март ойи якунлари бўйича рейтингида дунёнинг энг кучли тўрт нафар шахматчиси қаторидан жой олди.

нодирбек абдусатторов, фиде, шахмат

У 2765 Эло очкоси билан амалдаги жаҳон чемпиони Дин Лижен (2762) ва бошқа машҳур шахматчиларни ортда қолдириб, 4-ўринни эгаллаб турибди. Ундан олдинда фақат америкалик Ҳикару Накамура (2789) ва Фабиано Каруана (2803), шунингдек, кўп карра жаҳон чемпиони норвегиялик Магнус Карлсен (2830) жойлашган.

У Ўзбекистон шахматчилари орасида рекорд ўрнатди: бир йил аввал у энг юқори рейтингга эга ўзбекистонлик бўлганди, энди эса кучли тўртликка кирди. Бунгача фақат Рустам Қосимжонов 2715 балл билан 11-ўринни эгаллаган.

Ўзбекистонликнинг рейтингини Германиянинг шахмат бўйича жамоавий чемпионати (Бундеслига)даги иштироки ва супертурнир — Прага халқаро шахмат фестивалидаги (Prague International Chess Festival) ғалабаси оширди.

Шахмат мураббийи Георгий Шванов «Газета.uz»да Нодирбек Абдусатторовнинг муваффақияти ва уни кутаётган имкониятлар ҳақида ёзганди.