Шавкат Мирзиёев III Тошкент халқаро инвестиция форумида сўзлаган нутқида мамлакат ва инвесторлар ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришнинг устувор йўналишлари ҳақида гапирди.

Унинг сўзларига кўра, бу соҳалардан бири фойдали қазилмалардир.

«Ўзбекистон — минерал ресурслар ва муҳим металларнинг катта базасига эга мамлакатдир. Юртимизда олтин, мис, вольфрам, кумуш, ураннинг улкан захиралари мавжуд. Нодир ва ноёб минераллар қаторида литий, магний, молибден, германий, ванадий ва индий каби 30 дан ортиқ металларнинг захираларига алоҳида эътибор қаратишни истардим», — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари апрель ойида Европа Иттифоқи билан муҳим хомашё соҳасида стратегик ҳамкорлик ўрнатилганини эслатди.

«Америка Қўшма Штатлари ва Буюк Британия билан ҳам шундай битим устида иш олиб бораяпмиз», — деди Ўзбекистон президенти.

Шу муносабат билан давлат раҳбари замонавий халқаро тажрибадан келиб чиқиб, «Ерости бойликлари тўғрисида»ги қонун янги таҳрирда қабул қилинишини таъкидлади.

«Шу ўринда, Европа тикланиш ва тараққиёт банкига бу ишдаги салмоқли ҳиссаси учун алоҳида раҳмат айтмоқчиман», — дея қўшимча қилди президент.

Шавкат Мирзиёев етакчи компанияларни Ўзбекистонга стратегик хомашёни чуқур қайта ишлаш ва қўшилган қиймат занжирини яратиш бўйича лойиҳаларни амалга оширишга таклиф қилди.

Эслатиб ўтамиз, куни кеча Шавкат Мирзиёев геология соҳасидаги вазифаларга бағишланган йиғилишда муҳим хомашё — литий, графит, индий, ванадий, ренийнинг янги конларини ўзлаштириш муҳимлигини таъкидлаганди. Шунингдек, у камёб металларни қазиб олиш ва қайта ишлаш бўйича 500 млн долларлик лойиҳаларни ишлаб чиқишни топширган.