Жиноят ишлари бўйича Миробод тумани суди 25 март куни ёпиқ йиғилишда ўқувчи қизни зўрлашга уринишда айбланган 67 ёшли мусиқа ўқитувчисига нисбатан ҳукм ўқиди. Бу ҳақда Тошкент шаҳри судлари матбуот хизмати хабар берди.

2023 йил август ойида зўравонликка қарши курашувчи Nemolchi.uz лойиҳаси уйидаги хусусий дарс пайтида 12 ёшли ўқувчисини зўрламоқчи бўлган тошкентлик мусиқа ўқитувчиси Александр Султанов ҳақида хабар берган эди. Хабар эълон қилинганидан сўнг Жиноят кодексининг 119-моддаси 4-қисми (14 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Шундан сўнг айбланувчининг бошқа бир собиқ ўқувчиси Nemolchi.uz билан боғланиб, ўқитувчи унга болалигида қандай жинсий зўравонлик қилганини айтиб берган. У шунингдек, бу ушбу ўқитувчининг ўқувчиларига зўравонлик қилган биринчи ҳолати эмаслигини таъкидлаган.

Суд судланувчини Жиноят кодексининг 119-моддаси 4-қисми билан айбдор деб топиб, 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияда ўташ белгиланди. Болалар омбудсмани матбуот хизматининг «Газета.uz»га аниқлик киритишича, прокурор суддан уни 13 йилга озодликдан маҳрум этишни сўраган, бироқ суд судланувчининг ёшини ҳисобга олган.

Лойиҳанинг қайд этилишича, аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича қонунчиликка киритилган ўзгартишлар туфайли маҳкум жазони ўташ муддатини қисқартириш бўйича ариза бера олмайди.