Шавкат Мирзиёев 25 март куни Наманган вилоятига ташрифи чоғида ифторлик маросимида иштирок этди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди. Тадбирда нафақат Наманган, балки Фарғона ва Андижон вилоятлари нуронийлари ҳам қатнашди.

рамазон, шавкат мирзиёев

«Бугун барчамиз — муҳтарам уламоларимиз ва нуронийларимиз, жамоатчилигимиз вакиллари биргаликда ифтор қилмоқдамиз. Ягона, аҳил оила бўлиб яшаётган кўпмиллатли Ўзбекистон халқи бугун гўёки бир дастурхон атрофида жам бўлиб ўтирибди. Ўйлайманки, бу савобли тадбир инсон қадрини улуғлашга, ўсиб келаётган ёшларимизни мана шундай олижаноб руҳда тарбиялашга хизмат қилади», — деди президент ўз мурожаатида.

рамазон, шавкат мирзиёев

Шавкат Мирзиёев саховат кўрсатиб, ўз куч-ғайратини эзгу ишларга сарфлаётган юртдошларга миннатдорлик билдирди. Бир-бирига таянч бўлиб, меҳр-мурувват кўрсатиш одамларни бирлаштиради, ягона халқ яратади, ҳаёт синовлари ва қийинчиликларини енгиб ўтишда беқиёс куч-қувват беради, деди у.

рамазон, шавкат мирзиёев

Президент хориждаги фуқароларни ҳам табриклаб, уларга соғлик ва фаровонлик тилади. Хабарда айтилишича, яқинда Ўзбекистоннинг 40 дан ортиқ диний уламолари Россия, АҚШ, Жанубий Корея, Туркия ва Мисрда бўлиб, у ердаги ўзбекистонликлар билан учрашган. Уларни эътиқод ва маънавий қадриятларни асраб-авайлаш, бугунги таҳликали вазиятда огоҳ бўлишга чақириб, қонунларни ҳурмат қилиш, ёмон йўлларга кирмаслик зарурлиги ҳақида суҳбатлар қилишган.

рамазон, шавкат мирзиёев

Президент янгиланган Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилган «Ўзбекистон — ижтимоий давлат» тамойили ҳақида сўз юритар экан, Алишер Навоийнинг «Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай, онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай» деган сўзларидан иқтибос келтирди. Бу сўзлар исломий инсонийлик ва раҳм-шафқат ҳақидаги тушунчанинг мазмун-моҳиятини ўзида мужассам этган ҳолда, ҳар бир мусулмон ўзи учун нима истаса, қўшниси учун ҳам шуни тилаши кераклигини эслатади, деди у.

рамазон, шавкат мирзиёев

Мурожаат сўнгида президент таъкидлади: «Муборак Рамазон ойи шарофати билан юртимизда, жами мусулмон ўлкаларда, бутун дунёда тинчлик, барқарорлик ҳукм сурсин, одамлар, халқлар ўртасида дўст-биродарлик, ўзаро ҳурмат туйғулари устувор бўлсин. Кучлилар — ожизларга таянч, саховатпешалар — муҳтожларга ёрдамчи, ёшлар — қарияларга ғамхўр бўлсин. Динимизда белгилаб берилган тўғри йўлдан оғишмайлик, айни пайтда замон билан ҳамнафас яшайлик».

рамазон, шавкат мирзиёев

«Ёшларимиз билимлари билан жаҳонга танилиб, юртимиз довруғини юксакларга кўтаришсин. Ўзбекистон дунёнинг энг олди, энг илғор давлатларидан бирига айлансин. Тутган рўзаларимиз, дуоларимиз даргоҳида қабул бўлсин», — деди Шавкат Мирзиёев.

рамазон, шавкат мирзиёев

Ифторлик доирасида Ўзбекистон халқи тинчлиги ва фаровонлиги учун Қуръон суралари ўқилиб, дуолар қилинди, дейилади хабарда.

рамазон, шавкат мирзиёев

Видео