Ўзбекистон Бош прокуратураси Нукусда 1−2 июль кунлари юз берган воқеалар вақтида ҳалок бўлганларнинг рўйхати эълон қилинадими, деган саволга жавоб берди. Ушбу савол, жамоатчиликни ўйлантираётган масала бўлгани боис, Қорақалпоғистондаги воқеаларни ўрганиш бўйича Мустақил парламент комиссияси томонидан берилган эди.

Мустақил комиссия, жумладан, намойишлар вақтида вафот этган фуқароларнинг ўлими сабаблари — бу қийноқ оқибатида бўлганми, ўқотар қурол ёки махсус воситалар туфайлими ва ҳоказо — маълум қилинадими-йўқми, қабилидаги савол билан мурожаат қилган.

Бош прокуратура шундай жавоб берган: «Оммавий тартибсизликлар вақтида вафот этган 19 нафар шахснинг рўйхати ва вафот этиш сабаблари очиқ суд мажлислари давомида бирма-бир муҳокама қилинади».

Маълумот учун, Бош прокуратура дастлаб, 4 июль куни 18 киши, хусусан, ҳуқуқ-тартибот органларининг 4 нафар ходими вафот этгани ҳақида ахборот берганди. Кейинчалик идора қурбонлар сони 3 тага ошганини маълум қилди.

«Газета.uz» Нукусдан тайёрлаган репортажларида ҳодисаларнинг гувоҳларига, шунингдек, тиббиёт муассасаларидан олинган дастлабки маълумотларга таяниб, қурбонлар сони кўпроқ бўлиши мумкинлигини маълум қилганди. Ушбу баёнотларга расмийлар томонидан бирор жавоб бўлгани йўқ.

Ҳозирги вақтда Бухорода Нукус воқеалари бўйича қўзғатилган жиноят иши доирасида 22 айбланувчи иштирокида суд бўлиб ўтмоқда. Бош прокуратура 39 нафар айбланувчининг иши алоҳида иш юритувга олинганини маълум қилди.

Бундан ташқари, ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ўқотар қурол ва махсус воситалардан фойдаланилганлиги, икки фуқаронинг ўлими ва бошқа ҳолатлар юзасидан ҳам алоҳида жиноят ишлари қўзғатилган ва айни вақтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.