Мактабларда ўқув йилининг онлайн таълим шаклида бошланиши тўғрисида расмий маълумотлар йўқ. Бу ҳақда 9 июль куни бўлиб ўтган брифингда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов маълум қилди.

ХТВ раҳбарининг таъкидлашича, агар сентябрь ойига қадар мамлакатда эпидемиологик вазият яхшиланадиган бўлса, мактабларда дарслар бошланади.

«Таъкидлаш жоизки, болалар мактабга борганларида ҳам дарслар телевизор орқали намойиш этилаверади. Бу пандемия билан боғлиқ эмас. Мақсад — сифатли дарсларни трансляция қилиш орқали чекка ҳудудларга қўшимча ёрдам кўрсатишдир», — деди Шерзод Шерматов.

Шунингдек, у онлайн дарсларнинг самарадорлик даражаси ҳақида тўхталди. Унинг сўзларига кўра, агар бошланғич синфларда онлайн таълим амалиёти ўзини оқлаганида эди, барча мамлакатлар ушбу тизимга анча олдин ўтишган бўларди.

Эслатиб ўтамиз, умумтаълим мактабларининг биринчи синфларига ҳужжатларни қабул қилиш онлайн тарзда 6 июлдан бошланди. Умумий ҳисобга кўра, бу йил 650,1 минг нафар биринчи синф ўқувчиларини қабул қилиш режалаштирилган.