Январь-сентябрда Ўзбекистон ЯИМ ҳажми жорий нархларда 244,3 трлн сўмни ташкил этди ва ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда 5,2 фоизга ўсди. ЯИМ дефлятори индекси 2017 йилнинг январь — сентябридаги нархларга нисбатан 131,6 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар қилди.


Аҳоли жон бошига ҳисобланган ЯИМ 7,433 млн сўмни ташкил этди ва бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,5 фоизга юқоридир.


Иқтисодий ўсиш суръати иқтисодиётнинг асосий тармоқларида кузатилган ижобий динамика билан боғлиқдир, дейилади хабарда. Иқтисодиётнинг барча тармоқларида яратилган ялпи қўшилган қиймат ҳажми ЯИМ умумий ҳажмининг 86,3 фоизини ташкил этди ва 5,3 фоизга ўсди (ЯИМ мутлақ ўсишига таъсири 4,6 фоиз пунктни ташкил этди). Маҳсулотларга соф солиқларнинг ЯИМ таркибидаги улуши 13,7 фоизни ташкил этди ва 4,5 фоиз даражасида ўсиш қайд этилди (ЯИМ мутлақ ўсишига таъсири 0,6 ф.п.).