Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 27 апрель куни Жиззах нефтни қайта ишлаш мажмуаси қурилишига тамал тоши қўйиш маросимида иштирок этди, деб хабар қилди ЎзА.

Зафаробод туманининг «Чимқўрғон» қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги замонавий нефтни қайта ишлаш комплексининг қиймати 2,2 миллиард доллар бўлиб, лойиҳа йилига 5 миллион тонна нефть хомашёсини қайта ишлаш имконини беради.

Фото: fb.com/Mirziyoyev.

Президентнинг Қозоғистон ва Россияга давлат ташрифларида олиб борилган самарали музокаралар натижасида мажмуа учун хомашё яқинда барпо этиладиган нефть қувури орқали етказиб келинади. Бу энергия ресурсларини етказиш харажатларини кескин камайтиради ва лойиҳанинг иқтисодий самарадорлигини оширади. Мажмуанинг географик жойлашуви ишлаб чиқарилган маҳсулотни мамлакатнинг барча ҳудудларига ва экспортга минимал харажатлар билан етказиш имкониятини таъминлайди.


Фото: fb.com/Mirziyoyev.

Заводда углеводород хомашёсини чуқур қайта ишлаш бўйича энг замонавий, экологик ва энергетик жиҳатдан самарадор технологиялар ўрнатилади. Улар асосида жаҳон стандартларига жавоб берадиган мотор ва авиация ёқилғиси, бензол, мазут, битум ва бошқа нефть маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.

Авиация керосини ишлаб чиқариш миқдорини ошириш ҳаво кемаларимизнинг парвоз географиясини сезиларли даражада кенгайтириш, етакчи хорижий авиакомпаниялар билан муваффақиятли ҳамкорлик орқали йўловчи ва юк самолётларининг транзит рейсларини ошириш билан бир қаторда мамлакат авиация соҳасини янада ривожлантириш имконини беради.

Мажмуанинг ишга туширилиши 2 мингдан зиёд, соҳага алоқадор ва хизмат кўрсатиш тармоқларида қўшимча 14 мингдан ортиқ кишининг бандлигини таъминлашга хизмат қилади.