Ўзбекистонда май ойида аҳолининг инфляцион кутилмалари ўтган ой даражасида сақланиб қолиб, 14 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати инфографикасида маълумот берилди.

Аҳоли учун инфляцион кутилмаларга энг кўп таъсир қилувчи омил бу ой ҳам апрель ойидаги каби коммунал хизматларнинг қимматлашиши бўлиб турибди. Кейинги асосий омиллар сифатида валюта курсининг ўзгариши, ёнилғи ва энергия нархининг қимматлашиши, монополия ва нархларнинг сунъий оширилиши қайд этилган.

Апрель ойи билан солиштирганда, келгусида нархларга оширувчи босим кўрсатиши мумкин бўлган асосий омиллар сифатида коммунал хизматлар ҳамда ёнилғи ва энергия нархларининг қимматлашишини қайд этган респондентлар улуши бироз ошган. Валюта курсининг ўзгариши ҳамда асосий озиқ-овқатларнинг қимматлашишини омиллар сифатида белгилаган респондентлар улуши камайган.

Инфографика: Марказий банкИнфографика: Марказий банк

Тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари ўтган ойга нисбатан пасайиб (-0,6 фоиз), 12,7 фоизга тенг бўлди. Келгусида нархларга оширувчи босим кўрсатиши мумкин бўлган асосий омилллар сифатида коммунал ва транспорт хизматларининг қимматлашиши ҳамда солиқ юкининг юқорилигини қайд этган тадбиркорлар улуши ошган. Валюта курсининг ўзгариши, ёнилғи-энергия ресурслар ва хомашё нархларининг ўсишини белгилаган тадбиркорлар улуши камайган.

инфляцион кутилмалар

Соҳалар кесимида энг пессимистик кутилмалар тиббиёт (16,8 фоиз), ахборот технологиялари ва ОАВ (15,2 фоиз), давлат ташкилоти (14,9 фоиз) ҳамда банк-молия соҳалари (14,5 фоиз) вакиллари томонидан билдирилган бўлса, энг паст кутилмалар талабалар (12 фоиз), умумий овқатланиш (10,6 фоиз) ва савдо соҳалари (10,5 фоиз) вакиллари томонидан қайд этилган.

Тадбиркорлар орасида эса энг юқори инфляцион кутилмалар таълим (14,5 фоиз), қурилиш (13,7 фоиз) ва савдо соҳасида (13,1 фоиз) фаолият олиб борадиганлар томонидан қайд этилган. Энг оптимистик кутилмаларни туризм (11,6 фоиз), ташиш хизматлари (11,2 фоиз) ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги (11 фоиз) тадбиркорлар билдирган.

инфляцион кутилмалар

Ҳудудлар кесимида аҳоли инфляцион кутилмаларининг энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳрида (18,6 фоиз) кузатилди, энг паст кутилмалар эса Қорақалпоғистон Республикасида (11,9 фоиз) яшовчи респондентлар томонидан қайд этилди. Тадбиркорларда ҳам энг юқори инфляцион кутилмалар Тошкент шаҳрида (16 фоиз), энг паст кутилмалар эса Қорақалпоғистонда фаолият олиб борадиган тадбиркорлар (9,7 фоиз) томонидан қайд этилган.

инфляцион кутилмалар

Даромадлари 5 млн сўмдан юқори ва даромадга эга бўлмаган аҳолининг инфляцион кутилмалари нисбатан юқори даражада шаклланган.

инфляцион кутилмалар

Тошкент шаҳридаги респондентларнинг 40 фоизи келгуси 12 ой ичида инфляция 8 фоиз ва ундан камроқ бўлишига ишонмоқда. Қолган 60 фоиз иштирокчилар эса бундан юқорироқ инфляция даражасини кутмоқда.

инфляцион кутилмалар