2024 йилнинг май ойида, ҳатто энг иссиқ кунларда ҳам, ҳарорат ўзининг рекорд қийматларига яқинлашмади, деб хабар бермоқда Ўзгидромет.

Агентлик бу йил об-ҳаво шароити нуқтаи назаридан, қулай ҳарорат фони ва момақалдироқли ёмғирлар тез-тез кузатилиши билан ҳақиқий баҳор ойи бўлганини қайд этди.

Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ўртача ойлик ҳаво ҳарорати ўртача кўп йиллик қийматларга яқин бўлиб, фақат республиканинг шимоли-ғарбий ҳудудларида меъёрдан 1,5−2 даражага паст бўлди.

Ойнинг катта қисмида кундузги ҳаво ҳарорати +25…+30 атрофида бўлиши кузатилди. Ҳавонинг қисқа муддатга салқинлашиш даврида кундузги ҳарорат +17…+22 даражагача пасайди, айрим иссиқ кунларда ҳаво +34…+37 даражагача, жанубда +38…+39 даражагача исиди.

Республика ҳудудининг катта қисмида кузатувларнинг бутун қатори учун май ойи ҳароратининг мутлақ максимуми +39…+41 даражани, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда +43…+45 даражани ташкил этди.

Тошкентда май ойида энг юқори ҳаво ҳарорати +35 даражани ташкил этди. Май ойидаги энг юқори ҳарорат охирги 30 йил ичида 2004 йилда — +38,6 даража бўлиши кузатилди, метеорологик кузатувларнинг барча йиллари учун май ойи ҳароратининг мутлақ максимуми 1902 йилда +39,9 даража бўлиши қайд этилган.

май, об-ҳаво, ўзгидромет

Ўтган май ойида Ўзбекистон ҳудуди бўйича ёғингарчилик тақсимланиши жуда хилма-хил бўлди.

Республика ҳудудининг катта қисмида ёғингарчилик ой давомида меъёрдан 1,3−2,8 марта кўп бўлди. Қорақалпоғистон Республикаси ва Бухоро вилоятида баъзи жойларда — ойлик ёғингарчилик меъёри жуда кам бўлган қурғоқчил ҳудудларда 2024 йилнинг май ойида ёғингарчилик меъёрдан 3−4,6 марта кўп бўлиши кузатилди.

Фарғона водийсининг кўп туманларида, Қизилқумнинг шимолида ва республиканинг энг чекка жанубидаги айрим ҳудудларда меъёрга нисбатан энг кам ёғингарчилик кузатилди (меъёрдан 10% дан 60% гача).

Республиканинг кўплаб ҳудудлари бўйича 2024 йилнинг май ойи энг нам май ойлари бешлигига кирди.

май, об-ҳаво, ўзгидромет

Баъзи кунларда республика бўйича кучли жала ёмғир ёғди, бунда бир неча соат ичида ойлик меъёрнинг ярмигача ёки ундан кўпроқ ёғингарчилик бўлди. Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро вилоятларида, Навоий вилояти ва республиканинг жанубида баъзи жойларда бир неча соат ичида ёғингарчилик миқдори май ойидаги ойлик меъёрнинг 80% дан 260% гачани ташкил этди.

Тахиатош (Қорақалпоғистон Республикаси), Шўрчи (Сурхондарё вилояти) ва Минчуқур (Қашқадарё вилояти) метеостанциялари ҳудудларида метеорологик кузатувларнинг барча йиллари учун 2024 йил май ойида кеча-кундузлик ёғингарчиликнинг максимал кўрсаткичлари рекорд бўлди.

Республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида кучли жала ёмғирлар ёғиши ҳисобига сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келди. Барча сел ўтиши ҳолатлари Ўзгидромет огоҳлантиришларида кўзда тутилган. Ушбу ҳодисалар хавфи ҳақидаги фавқулодда хабарлар барча манфаатдор вазирлик ва идораларга олдиндан юборилди ва Ўзбекистон аҳолиси орасида тарқатилди.