Ўзбекистонда ёз фаслида офтоб уриши, халқ тили билан айтганда дам ўтиши энг кўп учрайдиган ҳолатлардан бири ҳисобланади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ундан сақланиш учун бир неча тавсиялар билан ўртоқлашди.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази директори Дониёр Алимовнинг сўзларига кўра, ёзда қуёш тиғида узоқ вақт бош яланг ва баданни ҳимоя қилмаган ҳолда қолиш офтоб уришига сабаб бўлади.

«Афсуски, кўпчилик бу ҳолатга „бироз дам ўтибди“ дея беписандлик билан қарайди. Аслида эса унга эътиборсиз бўлиш, жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. Чунки қуёш уриши энг хавфли ҳолат бўлиб, у ташқи термал омиллар таъсирида организмнинг умумий қизиб кетиши ва ҳароратни меъёрда ушлаб туриш қобилиятини йўқотиши натижасида юзага келади», — дейди шикофор.

Унинг асосий белгилари қуйидагилар ҳисобланади:

  • кучли бош оғриғи;
  • терлашнинг тўхташи, тери қуруқ ва қизарган бўлиши;
  • тез ва кучли юрак уриши;
  • тез-тез нафас олиш, ўткир нафас қисиши;
  • бош айланиши, қусиш ёки кўнгил айниши.

Оғир ҳолатларда эса беморда алаҳсираш кузатилади. Тана ҳарорати, ҳатто, 41−42 даражагача кўтарилиши, чуқур беҳушлик ҳолати кузатилиши мумкин.

ссв, қуёш уриши

Мутахассис бундай пайтда беморни, энг аввало, салқин жойга кўчириб ўтказиш лозимлигини, сўнг горизонтал ҳолда ётқизиб, оёқларини сал кўтариш, кийимларини ечиш, юзини совуқ сувда ювиш ва бирор хўлланган матони юрак соҳасига қўйиш кераклигини таъкидлади.

Шунингдек, унга салқин ичимлик ёки қатиқ ичириш ва зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш лозим. Сабаби қуёш урган инсонга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш зарур.

Дониёр Алимов иссиқлик уришининг олдини олиш учун бир неча тавсияларга амал қилиш лозимлигини эслатиб ўтди.

Хусусан, жазирама кунларда организм кўп сув талаб қилади. Шу боис сувсизланишнинг олдини олиш учун кунига 3 литр миқдорда суюқлик ичиш (совутилган кўк чой, газсиз минерал сув, мевали, кам ёғли сутли ичимликлар) лозим.

Тўғри тушадиган қуёш нурларидан сақланиш, ундан ҳимояловчи кремлар, кўзойнаклар ҳамда соябонлардан фойдаланиш керак.

ссв, қуёш уриши

Кўчага чиқаётганда очиқ рангли табиий матодан тикилган енгил либослар ва иссиқдан сақлайдиган бош кийим кийиш зарур. Чунки улар организмни совутиш ва ультрафинафша нурлардан ҳимоялашга ёрдам беради.

Ҳаво ҳарорати юқори бўлганда оғир жисмоний ишларни чеклаш ва кўпроқ ёпиқ жойларда бўлиш мақсадга мувофиқ.

Ёш болалар, кекса кишилар ва сурункали хасталиклар (юрак-қон томир, эндокрин, нафас олиш аъзолари, метоболик ва руҳий хасталиклар) билан оғрийдиган беморлар иссиқлик уришига кўпроқ мойил. Шу сабабли улар саломатлигини мунтазам кузатиб бориш муҳим.

Аввалроқ ССВ ёзда аҳоли, айниқса, болалар ўртасида авж оладиган ўткир диарея белгиларини санаб, қандай қилиб касалликнинг олдини олиш мумкинлиги бўйича тавсиялар берганди.