Соғлиқни сақлаш вазирлиги ёз фаслида аҳоли, айниқса, болалар ўртасида авж оладиган мавсумий касалликлардан бири — ўткир диареядан огоҳлантирди. Вазирлик касалликнинг келиб чиқиши сабаблари ва уни даволашда мутахассислар берган қатор тавсиялар билан бўлишди.

Ўткир диарея — халқ орасида ичбуруғ, ич оғриғи, ич кетиши номлари билан аталадиган хасталик бўлиб, ичак йўлларининг функционал бузилиши ҳисобланади. У ичакларни бўшатиш ва ичнинг суюқ ҳолатда келиши билан кечади. Ичнинг кунига 3−4 мартадан кўп келиши ўткир диарея дейилади.

Тошкент шаҳри 4-сонли юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори Шахло Исамухаммедованинг сўзларига кўра, касалликнинг 2 та тури бор. Булар инфекцион ва ноинфекцион турлар ҳисобланади.

Ўткир диарея сабаблари

Хасталик келиб чиқишига кўпинча гигиена қоидаларига риоя қилмаслик сабаб бўлади. Қолаверса, ичбуруғ ёзнинг иссиқ кунларида очиқ ҳавода қолган таом ва егуликлар, жумладан, сут ва сут маҳсулотларини истеъмол қилиш туфайли юзага келиши мумкин.

«Болалар кўчадан уйга киргач ва таомланишдан аввал қўлларини совунлаб ювишни унутади. Ҳўл мева-сабзавотларни истеъмол қилишдан аввал уларни яхшилаб чайиш ҳам уларнинг хаёлига келавермайди. Оқибатда оғиз орқали организмга тушган бактерия ва вируслар ичбуруғ, дизентерия, сальмонеллёз каби ўткир юқумли ичак касалликларини қўзғатади», — дейди шифокор.

Организмдаги бактерия ва вируслар ичак шиллиқ қаватини яллиғлайди ва улардан ажралган токсинлар қонга сўрилиб, бутун танани заҳарлайди. Оқибатда 2 соатдан 2 кунгача бўлган инкубацион даврда диареянинг илк белгилари намоён бўлади. Қолаверса, ичбуруғ овқатдан заҳарланиш, шунингдек, хатарли патологиялар, хусусан, сурункали гепатит, панкреатит ва бошқа инфекцион-яллиғланиш касалликларининг аломати бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, айрим дори воситалари ҳамда сут ва сут маҳсулотларида бўладиган лактоза, табиий мева, асалдаги ва айрим ичимликларга қўшиладиган фруктоза углеводларини истеъмол қилиш ҳам ич кетишига сабаб бўлади.

Касаллик белгилари

Мутахассиснинг сўзларига кўра, бўш, сувли ич келиши, унда қон бўлиши, қорин талвасалари, яъни ғуриллаши, оғриғи, дам бўлиши, юқори тана ҳарорати, ҳолсизлик, кўнгил айниши, қусиш кабилар касалликнинг асосий белгилари ҳисобланади. Касаллик бемор ҳолати ва организмга тушган микроб ёки вирус хусусиятига қараб енгил, ўртача ёки оғир, баъзан типик бўлмаган шаклда ўтиши мумкин.

«Ўткир диарея, яъни ич кетиши кичик ёшдаги болаларда кўп учрайди ва уларнинг саломатлиги учун хавфли бўлиши мумкин. Aйниқса, камқонлик, рахит, йод танқислиги бўлган ўғил-қизларда хасталикка мойиллик кўпроқ кузатилади», — деди мутахассис.

Болаларда ҳолатнинг оғир кечиши сувсизланиш билан боғлиқ бўлиб, агар бола қусаётган, ичи 5−8 маротабадан кўп келаётган ва тана ҳарорати 38 дан 39 гача кўтарилаётган бўлса, бу ҳолат унда жуда тез сувсизланишга олиб келади. Ўз вақтида унинг ўрни қопланмаса, фалажлик, инфекцион-токсик шок, нейротоксикоз, ичаклар буралиб қолиши, ўткир буйрак етишмовчилиги, ўпка ва мия шиши, ҳатто ўлим ҳолатига сабаб бўлиши мумкин.

Тошкент шаҳри 4-сонли юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокорининг сўзларига кўра, бу касаллик, айниқса, гўдаклар ва 3 ёшгача бўлган болалар учун жуда хавфли. Аммо уни даволаш ва олдини олиш мумкин. Шу боис болаларда ўткир диарея кузатилса, тезроқ шифокор қатъий назорати остида танада йўқотилган сув ўрни ўз вақтида қопланса, организм яна нормал ҳолатига қайтади.

ЖССТ болаларда диареянинг хавфлилик даражасини билиш учун тўрт нарсага эътибор қаратиш зарур, дея тавсия беради. Яъни боланинг ҳолсизланиб қолиши, кўз атрофи ва қовоқларнинг осилиши ҳамда кўкариши, қорин соҳасида тери чимчиланса, тезда асл ҳолига қайтмаслиги, сув ичишни кескин рад этиши. Ана шундай ҳолатлар — диареянинг оғир даражасидан далолат. Бундай вазиятда зудлик билан «тез ёрдам» чақириб, болани шифохонага етказиш лозим.

Диареядан сақланиш

«Ичбуруғни даволашда ўзбошимчалик билан антибиотикларни қўллаш асло мумкин эмас. Чунки бу ҳолат вазиятни янада оғирлаштириши ва ўткир диареяга дисбактериоз хасталиги ҳам қўшилиши мумкин. Шундай экан, ота-оналар ёз мавсумида болаларининг овқатланиш рациони, улар истеъмол қилаётган маҳсулотлар сифати, яроқлилиги, хавфли бактерия ва вируслардан холилигига ҳамда фарзандлари озодалилигига ниҳоятда эътиборли бўлишлари керак», — дейди шифокор.

Бунинг учун қўлларни тез-тез совунлаб ювиш, қайнатилган сув ичиш, сабзавот ва мевалар, резаворларни ишлатишдан олдин қайнатилган сувда яхшилаб чайиш, иссиқ овқат тайёрлашда гигиена қоидаларига риоя қилиш, озиқ-овқат маҳсулотлари, айниқса, тез бузиладиган егуликларнинг яроқлилик муддати ва сақлаш шартлари, хомашё ҳамда пиширилган таомларни алоҳида сақлаш лозим.

Мутахассиснинг айтишича, гўшт, тухум ва денгиз маҳсулотларини яхшилаб қовуриш ёки қайнатиш, тез бузиладиган егуликлар ва тайёр таомларни музлаткичда сақлаш, янги пиширилган овқатни олдинги кун қолдиқлари билан аралаштирмаслик зарур. Агар пиширилган таом яна бир кун қолса, уни истеъмол қилишдан аввал иссиқлик билан ишлов бериш (қайнатиш ёки қовуриш) керак.

«Бундан ташқари, чивин ва суваракларнинг пайдо бўлишига йўл қўймаслик, уйда доимо тозаликни сақлаш, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш, пишириш учун фақат янги маҳсулотлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ», — дейди Шахло Исамухаммедова.