Россиянинг «Газпром» копманияси учун газ савдосини урушгача бўлган ҳажмга қайтаришга камида ўн йил керак бўлади, деб ёзди Financial Times компания раҳбарияти учун тайёрланган ҳисобот маълумотларига таяниб.

«„Газпром“ ва ёқилғи-энергетика комплекси учун санкцияларнинг асосий оқибатлари экспорт ҳажмининг қисқариши бўлиб, у 2035 йилгача 2020 йилги даражасига чиқа олмайди», — дейилади ҳисоботда. Шу билан бирга, ҳужжатда 2035 йилга бориб компаниянинг Европага газ экспорти йилига ўртача 50−75 млрд куб метрни ташкил этиши, яъни урушдан олдинги даражадан уч баравар камроқ бўлиши прогнози мавжуд.

Financial Times`нинг ёзишича, 2023 йил якунида компания раҳбариятига тақдим этилган 151 саҳифали ҳисобот Россиянинг Украинага бостириб киришига жавобан киритилган Ғарб санкциялари «Газпром» ва бутун Россия энергетика секторига қандай зарар етказгани ҳақидаги энг очиқ эътирофлардан бири ҳисобланади.

Ҳужжатда айтилишича, санкциялар Россия энергетика саноатини газни қувурлар орқали ташиш учун зарур бўлган турбиналар ва уларни таъмирлаш учун зарурий эҳтиёт қисмлар каби муҳим технологиялардан маҳрум қилган.

Шунингдек, Россия энергоресурслар экспортидаги «Газпром» улуши қисқараётгани айтилган. Суюлтирилган газ экспортидан фарқли ўлароқ, қувурлар орқали газ етказиб бериш Ғарб санкцияларидан қаттиқ зарар кўргани таъкидланган. Ҳужжат муаллифлари компанияга газга янги бозорларни топишида давлат томонидан сезиларли ёрдам кўрсатилмаса, ўсишга қайтиш қийин бўлишини айтган.

Ушбу бозорлардан бири Хитой бўлиши мумкин, бироқ ўтган ҳафтада Москва ва Пекин ўртасида «Сибир кучи-2» янги қувур линиясини қуриш бўйича музокаралар боши берк кўчага кириб қолгани хабар қилинганди. Маълум бўлишича, Хитой томони газни уларга ҳам Россия федерал ҳукумати томонидан субсидия қилинадиган ички бозор нархларига яқин нархларда сотишни талаб қилган. Шу билан бирга, Пекин ушбу қувур қувватининг маълум қисми миқдоридаги газни сотиб олмоқчи, холос (қувурнинг ўтказувчанлик қуввати йилига 50 млрд куб метрни ташкил этади).