5 июнь куни Фарғона вилояти Олтиариқ туманида 3 киши сувга чўкиб, ҳалок бўлди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.

Қайд этилишича, бир эркак ва 2 нафар вояга етмаган бола фермер хўжалиги ер майдонида жойлашган сунъий сув ҳавзасига чўмилиш учун тушган.

Ҳозирда прокуратура томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Бундай кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида чўмилиш рухсат этилмаган, тақиқланган, оқим тезлиги юқори бўлган, чуқур, ўзига нотаниш бўлган сув ҳавзаларида чўмилмаслик қоидаларига қатъий риоя қилишингизни сўраб қоламиз», — дейилади прокуратура хабарида.

Аввалроқ болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова болалар эҳтиёжи учун хавфсиз чўмилиш ҳавзалари кераклиги ҳақида гапирганди. Унинг фикрича, болаларни тақиқланган жойда чўмилмаслик ҳақида огоҳлантиришнинг ўзи етарли эмас. «Уларнинг эҳтиёжи учун муқобил хавфсиз чўмилиш ҳавзалари керак», — деган омбудсман бу масала бўйича вилоят хокимларига сўров киритилганини маълум қилганди.