5 июнь куни Тошкент шаҳрида болалар онкологияси ва гематологияси бўйича «Далилларга асосланган ҳаракат» номли биринчи халқаро конгресс бошланди, деб хабар берди ЎзА.

Тадбирда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Халқаро болалар онкологлари жамияти, Европа онкологлар мактаби, хорижий университет клиникалари ва етакчи тиббиёт марказлари раҳбарлари, халқаро ва миллий илмий доиралар ва фуқаролик жамияти вакилларидан иборат 300 дан зиёд иштирокчи қатнашмоқда.

Конгрессни Ўзбекистоннинг биринчи хоними, «Замин» халқаро фонди васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева очиб берди. «Бу ерга биз ягона мақсадни кўзлаб, ўғил-қизларимизнинг ҳаётига зомин бўлаётган энг оғир касалликлардан бирини енгиш учун йиғилдик. Ҳар бир бола яшашга ҳақлидир. Болалар келажакда соғлом бўлиши, тўлақонли ҳаёт кечириши учун барча имкониятларни ишга солиш бизнинг бурчимиздир», — деди у.

Зироат Мирзиёева.Зироат Мирзиёева.

Ўзбекистон ЖССТ томонидан болалар саратонига қарши глобал ташаббусда иштирок этиш учун танланган мақсадли мамлакатлар ўнталиги қаторига кирган. Бунда асосий вазифалар замонавий диагностика усулларидан фойдаланишни яхшилаш, саратон ва гематологик касалликларга чалинган беморларни даволаш ва қўллаб-қувватлаш, шунингдек, терапия самарадорлиги ва болаларнинг умумий фаровонлигини оширишдан иборат.

Ушбу ташаббус доирасида Ўзбекистон ҳукумати 2030 йилгача саратон касаллигига чалинган болаларнинг омон қолиш даражасини 60 фоизга етказиш мажбуриятини олди. «Ўзбекистон 2030» стратегиясида саратон касаллигидан эрта ўлимни 2,5 баробарга қисқартириш мақсади кўзда тутилган.

Шунингдек, Ўзбекистон ЖССТнинг Болаларни саратон касаллигидан даволаш учун дори воситалари билан таъминлаш бўйича глобал платформасида иштирок этиш учун танлаб олинди. Унга асосан саратон касаллигига чалинган болалар учун сифатли дори воситаларини узлуксиз қабул қилиш ҳамда уларни бу йўналишда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган. Дунёда биринчиси бўлган ушбу платформа ЖССТ ва АҚШнинг Сент-Жуд болалар илмий-тадқиқот шифохонасининг лойиҳаси бўлиб, болаларни саратонга қарши молиявий қийинчиликларсиз, хавфсиз, самарали ва сифатли дори воситалари билан таъминлашга қаратилган.ЖССТ раҳбари Тедрос Гебрейесус.ЖССТ раҳбари Тедрос Гебрейесус.

ЖССТ маълумотига кўра, болалар орасида саратоннинг олдини олиш, унинг юкини камайтириш ва касаллик кечиши оқибатларини яхшилашнинг энг самарали стратегияси — ўз вақтида ва тўғри ташхис қўйиш, сўнгра самарали далилларга асосланган даволаш ва шахсга йўналтирилган ёрдам кўрсатиш.

Уч кун давом этадиган халқаро конгресс иштирокчилари энг сўнгги илм-фан ютуқлари, илғор диагностика ва даволаш усулларини, тиббий ёрдам сифатини ошириш масалаларини муҳокама қилади.

Болалар онкологик ва гематологик касалликларини самарали даволашни таъминлаш учун унинг «Ҳаракатга рағбат» жамоавий декларацияси қабул қилиниши ва тарқатилиши кўзда тутилган.