6 июнь куни Пекин шаҳрида Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темирйўли қурилиши бўйича стратегик лойиҳани амалга ошириш тўғрисидаги битимни имзолаш маросими бўлиб ўтди. Шу муносабат билан Шавкат Мирзиёев тадбир иштирокчиларига видеомурожаат йўллади, деб хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Давлат раҳбари барча иштирокчиларини табриклаб, битимнинг имзоланишини «тарихий воқеа» деб атади.

«Бу мамлакатларимиз ўртасида қарор топган анъанавий яқин ва кўп қиррали ҳамкорлик ривожидаги чинакам тарихий воқеадир. Бугун биз биргаликда кенг минтақамизда иқтисодий ва транспорт алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган муҳим амалий қадамларни қўймоқдамиз», — деди у.

Президентнинг таъкидлашича, янги темирйўл Хитой билан иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириб, мамлакатлар ўртасидаги дўстлик ва ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини чуқурлаштиришга хизмат қилади. У Хитойни минтақа билан боғловчи энг қисқа қуруқлик йўлига айланади.

хитой, хитой-қирғизистон-ўзбекистон, шавкат мирзиёев, қирғизистон

Таҳлилга кўра, унинг қурилиши ортиб бораётган юк ташиш ҳажмига самарали хизмат кўрсатиш, уларни ташиш вақти ва нархини сезиларли даражада камайтириш имконини беради, деди Ўзбекистон раҳбари.

Мутахассисларнинг қайд этишича, юк ташиш йиллик ҳажми 15 миллион тоннагача етиши мумкин, товарларни якуний истеъмолчиларга етказиш муддати эса 7 кунга қисқаради. Бундан ташқари, замонавий транзит ва логистика инфратузилмаси, омборхоналар ва терминаллар яратилади.

Шавкат Мирзиёев лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида вужудга келадиган иқтисодий таъсирни барча мамлакатлар ҳис қилишини айтди.

«Аввало, янги корхоналар ва ўн минглаб иш ўринлари яратилади, ўзаро товар айрибошлаш ҳажми ва саноат кооперацияси кўлами, инвестицион жозибадорлик ўсади ва асосий натижа — фуқароларимизнинг турмуш даражаси ошади», — дея тушунтирди у.

Йўл мамлакатларимизга истиқболли Трансафғон йўлаги орқали Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ давлатларининг кенг бозорларига чиқиш имконини бериб, транзит салоҳияти ва минтақалараро ўзаро боғлиқликни сезиларли даражада оширади, қайд этди президент.

хитой, хитой-қирғизистон-ўзбекистон, шавкат мирзиёев, қирғизистон

Унинг таъкидлашича, кенг кўламли лойиҳани амалга ошириш учун Ўзбекистон ҳудудида барча зарур инфратузилма яратилган.

Бундан ташқари, биз замонавий темир ва автомобиль йўллари миллий тармоғи кенгайтирилмоқда, юкларни қайта ишлаш ва ташиш жараёнларини жадаллаштириш мақсадида рақамли технологиялар фаол жорий қилинмоқда, дейилади хабарда.

«Ўзбекистон темир йўл қурилиши, имзоланаётган битим ва қабул қилинган „йўл харитаси“ бўйича изчил ҳамкорликни давом эттиришга тайёр», — дея қўшимча қилди давлат раҳбари.