The New York Times (NYT) томонидан ўтказилган таҳлилга кўра, Украинадаги икки йиллик уруш давомида 210 мингга яқин бино шикастланган ёки вайрон бўлган.

Журналистлар олимлар билан бирга бир неча йиллик сунъий йўлдош тасвирларидан фойдаланиб, ўққа тутилган ҳар бир шаҳар, кўча ва бино ҳақида маълумотлар йиғди. «Бу Украинадаги уруш қаерларда олиб борилгани ва вайронагарчиликлар ҳақидаги биринчи тўлиқ тасвирдир», — дейилади материалда.

Таҳлил шуни кўрсатдики, Россия кенг кўламли босқинни бошлаган 2022 йил февралидан 2023 йил декабригача Украинада 900 дан ортиқ мактаб, шифохона ва черковлар вайрон қилинган, гарчи бу жойлар Женева конвенциялари билан ҳимояланган бўлса ҳам. Бунинг ичига қуйидагилар киради: 106 та касалхона, 109 та черков ва 708 та мактаб, коллеж ва университет.

«Баъзи жойларда Украина Иккинчи жаҳон урушидан кейинги Дрезден ёки Лондонга ёки олти ойлик бомбардимондан кейинги Ғазо секторига ўхшайди», — деб ёзди NYT.

NYT графикаси.NYT графикаси.

Нашрнинг таъкидлашича, вайронагарчиликни баҳолаш консерватив — у аниқ таҳлил мавжуд бўлмаган Қрим ёки Ғарбий Украина бўйича маълумотларни ўз ичига олмайди. Газетанинг қўшимча қилишича, вайронагарчиликнинг ҳақиқий кўлами янада каттароқ ва бу ўсишда давом этмоқда.

Ҳарбий ҳаракатлардан Украинанинг Мариуполь, Харьков, Ирпень, Рубежное ва Марьинка каби шаҳарлари энг кўп жабр кўрган.

Шу билан бирга, NYT`нинг таъкидлашича, Украина қўшинлари ҳам босиб олинган Қрим ва Донецкдаги Россия позицияларига ҳужум қилиб, жиддий зарар етказган. «Қайси томон жавобгар эканини аниқлашнинг ҳар доим ҳам имкони бўлмаса-да, Россия назоратидаги ҳудудларда қайд этилган вайронагарчилик Украина томонида кузатилаётганига нисбатан камроқ», — деб ёзади нашр.

Тадқиқот ҳақида

New York Times Украинанинг зарар етган шаҳарларидаги вайроналарни ҳужжатлаштириш учун икки етакчи масофадан зондлаш олимлари — Нью-Йорк шаҳар уиверситети аспирантура маркази ходими Кори Шер ва Орегон штати университетидан Жеймон Ван Дер Хук билан ишлади.

Муаллифлар радиолокацион сунъий йўлдош тасвирларидаги ўзгаришларни таҳлил қилди, улар ҳатто бинолардаги кичик ўзгаришларни ҳам аниқлай олади. Таҳлил Европа космик агентлигининг Sentinel-1 дастури очиқ манба маълумотларига асосланади, унинг сунъий йўлдошлари ҳар 12 кунда Ер юзасини суратга олади.

Тадқиқотчилар Украинанинг барча ҳудудларида урушдан олдин олинган суратлар билан уруш даврида олинган суратларни солиштирди — улар жами 50 терабайтга яқин суратларни тўплади. NYT маълумотларни аниқ текшириш учун Maxar Technologies ва Planet Labs компанияларининг юқори аниқликдаги сунъий йўлдош тасвирларидан фойдаланди.