Шавкат Мирзиёев 3 июнь куни ҳудудларда туризм инфратузилмасини яхшилаш ва хорижий туристлар оқимини кўпайтириш чора-тадбирларига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Давлат раҳбари тадбиркорлар томонидан билдирилган муаммолар ва таклифлардан келиб чиқиб, қуйидаги топшириқларни берди:

  • хорижий сайёҳларга хизмат кўрсатган туроператорларга қўшилган қиймат солиғини субсидия сифатида қайтариш муддатини узайтириш ва уни қўллаш тартибини аниқ белгилаш;
  • туризм компанияларига айланма маблағ учун экспортолди молиялаштиришни йўлга қўйиш;
  • туристларга мўлжалланган, янги ишлаб чиқарилган «Евро-5» ва ундан юқори экологик тоифа талабларига тўғри келадиган автобус ва микроавтобусларни божхона божи ва утилизация йиғимидан озод этиш муддатини узайтириш;
  • сўнгги 3 йилда ташкил топган туркомпанияларга халқаро кўргазмалардаги павильон ижараси харажатининг 50 фоизини қоплаб беришни йўлга қўйиш;
  • халқаро фестивалларда қатнашадиган ҳунармандларга павильон, юклар ва авиачипта харажатининг 50 фоизини қоплаб бериш тизимини йўлга қўйиш.

Бундан ташқари, йиғилишда туризм хизматлари кўрсатувчиларни молиявий қўллаб-қувватлаш ва иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, туроператорларни маданий мерос объектлари ва темир йўл чипталари нархларидаги ўзгаришлар тўғрисида олдиндан хабардор қилиш, меҳмонхона бошқарувчиларини тайёрлаш ва меҳмонхона қуришга субсидиялар доирасини кенгайтириш, пенсия ёшидаги туристларга алоҳида виза тартибини жорий этиш ҳамда тарихий шахсларнинг уй-музейларини реставрация қилиш каби масалалар кўтарилди.

Тадбиркорлар, шунингдек, мактаб ва коллеж ўқувчилари автобусда бир вилоятдан бошқасига саёҳат қилишида йўл-патруль хизмати ҳамроҳлиги учун тарифларни кескин камайтириш, ҳар йили камида 20 та ўрта бўғин менежерларини хорижда қисқа муддатли малака оширишга юбориш, янги ўқув йилидан туризм соҳасидаги олийгоҳ ва техникумларда «дуал таълим»ни жорий қилиш, 3−4 қаватли меҳмонхоналарга ҳам субсидия бериш, меҳмонхонаси бўлмаган 22 та туманда кичик отеллар барпо этишга оилавий хоналар сонидан келиб чиқиб субсидия ажратиш кабиларни илгари сурди.

туризм, шавкат мирзиёев

Президент вазирлик ва идоралар раҳбарларига халқаро тажриба асосида миллий меҳмонхона брендларини яратиш ташаббусларини ўрганиб, тегишли чораларни ишлаб чиқиш вазифасини қўйди.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари томонидан хорижий давлатлардан келадиган пенсия ёшидаги сайёҳларнинг Ўзбекистонда 6 ойгача визасиз бўлиши тартибини ишлаб чиқиш, камида 100 нафар хорижий иштирокчиси бўлган уч кунлик бизнес тадбирни ташкил қилганларга тадбирдан олинган даромад солиғини 50 фоизга камайтириш, ҚҚСнинг ярмини қайтариш тизимини жорий қилиш, болалар оромгоҳларини хусусий шериклик асосида ривожлантириш каби таклифлар билдирилди.

Шавкат Мирзиёев мазкур таклифлар юзасидан аниқ чора-тадбирлар тайёрлаш бўйича топшириқ берди.

Мутасаддилар бу йил 11 млн хорижий сайёҳни жалб этиш ҳамда туризм экспортини 2,5 млрд долларга етказиш имкони борлигини айтиб, режалари юзасидан ахборот берди.