4 июнь куни БМТ Бош ассамблеяси Ўзбекистон ташаббуси ҳисобланган «Марказий Осиё давлатларининг гиёҳвандлик билан боғлиқ муаммоларни самарали ҳал этиш ва бартараф этишда ягона фронт бўлиб ҳамкорлик қилишга тайёрлиги» тўғрисидаги резолюцияни бир овоздан қабул қилди, деб хабар қилди Ташқи ишлар вазирлиги.

Резолюцияга Озарбайжон, Жазоир, Арманистон, Баҳрайн, Беларусь, Хитой, Саудия Арабистони, Қатар, Кувайт, Қозоғистон, Қирғизистон, Эрон, Индонезия, Иордания, Марокаш, БАА, Уммон, Покистон, Россия, Сингапур, Сенегал, Тожикистон, Туркманистон, Туркия, Япония каби 30 дан ортиқ аъзо давлатлар ҳаммуаллифлик қилган.

Резолюция концепцияси Ўзбекистон президентининг 2021 йил сентябрь ойида БМТ Бош ассамблеясининг 76-сессиясидаги нутқи асосида ишлаб чиқилган.

Ҳужжатда давлат раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган 2024−2028 йилларда Ўзбекистоннинг Гиёҳвандлик воситалари ноқонуний айланмаси ва гиёҳвандликка қарши курашиш бўйича миллий стратегиясининг асосини ташкил этувчи концептуал қоидалар ҳисобга олинган.

Резолюцияда қайд этилишича, Марказий Осиёда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш минтақада наркотрафик ва гиёҳвандликка қарши кураш билан чамбарчас боғлиқ. Ўзбекистоннинг янги сиёсати туфайли минтақада юз бераётган ижобий ўзгаришларга эътибор қаратилмоқда.

Минтақа давлатлари ўзаро ҳамкорликнинг тўпланган ижобий тажрибасига асосан жаҳонда гиёҳвандлик муаммосини ҳал қилишга глобал ёндашув доирасида гиёҳвандликка қарши самарали ҳамкорликка интилиши таъкидланди. Ҳужжатда гиёҳвандлик воситалари ва уларнинг прекурсорларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш бўйича комплекс чора-тадбирларни қабул қилиш, стратегик ташаббуслар ва чора-тадбирлар режаларини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Шунингдек, гиёҳванд моддалар билан боғлиқ муаммоларни ҳар томонлама ҳал этишда БМТ, халқаро молия институтлари ва бошқа манфаатдор томонларнинг Марказий Осиё давлатларига кўмагини кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди.

Видео

Президентнинг 2021 йил сентябрь ойида БМТ Бош ассамблеясининг 76-сессиясидаги нутқи.