Шавкат Мирзиёев 3 июнь куни бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистонда экстремал туризмни ривожлантириш дастурини қабул қилиш вазифасини қўйди.

Қайд этилишича, Тошкент вилоятининг Паркент туманида тадбиркор 2023 йилда 2 та ҳаво шари ҳамда 10 та дельтаплан ва парапланлар билан 100 минг сайёҳни жалб қилган. Яна 10 нафар тадбиркор Бўстонлиқ, Паркент ва Айдаркўлда экстремал туризмни ривожлантириш истагида.

«Мўйноқ аэропортида ҳам парашютдан сакраш ва ҳаво дайвинги экстремал туризмни ривожлантириш мумкин. Бунинг учун Туркиянинг Каппадокиясига ўхшаш алоҳида ҳаво ҳудудуди бўлиши керак. Каппадокияда 2023 йилда ҳаво шарлари 600 минг сайёҳга хизмат кўрсатилиб, 100 миллион доллар даромад олинган», — деди давлат раҳбари («Ўзбекистон 24» телеканали лавҳасидан иқтибос).

Каппадокиядаги ҳаво шарлари. Фото: Ижтимоий тармоқлар.Каппадокиядаги ҳаво шарлари. Фото: Ижтимоий тармоқлар.

Президент экология вазири Азиз Абдуҳакимов, транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ва мудофаа вазири Баҳодир Қурбоновга бир ой муддатда иккита ҳудудни танлаб, экстремал туризмни ривожлантириш дастурини қабул қилишни топширди.

«Газета.uz» аввалроқ парапланчи Вячеслав Чесенко билан суҳбатни эълон қилганди (рус тилида) ва у Чорвоқ парадроми — парапланда учиш учун қулай бўлган дунёдаги кам сонли жойлардан бири ҳақида гапирганди.