1 ва 2 июнь кунлари Зомин миллий боғида Ўзбекистон маданияти ва санъатини ривожлантириш жамғармаси томонидан ташкил этилган Samarkand Marathon доирасида Zaamin Ultra 2024 учинчи халқаро ультрамарафони бўлиб ўтди.

Жамғарма матбуот хизмати хабарига кўра, пойгада 20 га яқин давлатдан 2100 дан ортиқ спортчи иштирок этди. Улар орасида Австралия, Буюк Британия, Ирландия, Қозоғистон, Малайзия, Туркия, Россия, АҚШ ва бошқалар бор.

Zaamin Ultra тўртта масофани ўз ичига олди: 50К, 21К, 10К ва 2К. Мукофотлаш учта масофани ўз ичига олди:

  • Эркаклар ўртасида 50К масофага югуришда Нурзияд Бегалиев 04:12:35, аёллар ўртасида Ольга Попова 05:56:05 натижа билан ғолибликни қўлга киритди.
  • Эркаклар ўртасида 21К масофада 01:35:53 натижа билан Артём Секачев, аёллар ўртасида 01:51:46 натижа билан Александра Черкас ғолиб бўлди.
  • Эркаклар ўртасида 10К масофада ўтказилган баҳсларда Бекзод Пардаев 0:53:46, аёллар ўртасида Александра Кузнецова 0:59:48 натижа билан ғолиб бўлди.

50К масофада бу йил рекорд ҳам янгиланди: Нурзияд Бегалиев масофани олдинги натижага қараганда 12 дақиқа тезроқ босиб ўтди. Шунингдек, ёш тоифалари бўйича ҳам ғолиблар тақдирланди.

Мусобақа охирида плоггинг амалга оширилди (ахлатларни йиғган ҳолда қисқа масофага югуриш).

«Бу йил биз яна бир бор турли мамлакатлардан келган минглаб спортчиларни бирлаштириб, уларга орзуларини рўёбга чиқариш ва дунёдаги энг қизиқарли баланд тоғ йўлакларидан бирида ўз иродаларини синаб кўриш имкониятини бердик. Жорий этилган янги тамойиллар қаторида биз табиатни, у мавжуд бўлиши лозим бўлган мусаффо шаклда қолдириш муҳим эканига масъулият билан ёндашиб, туркум экологик ташаббусларни, жумладан, плоггинг, яъни пластик идишлардан воз кечиш амалиёти ва бошқа тадбирларни ташкил этдик», — деди Samarkand Marathon пойгалари туркуми раҳбари Мирхон Сагитов.

У июнь ойи охирида Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида спорт байрами, кейин Бухорода тунги пойга ва Самарқандда марафон бўлиб ўтишини эслатди.

Бу йил мусобақа медаллари дизайни Зомин миллий боғи манзараларини акс эттирди.

1 июнь куни пойга арафасида Zaamin Ultra ультрамарафонининг меҳмонлари ва иштирокчилари учун электрон мусиқа концерти ташкил этилди. Очиқ майдонда DJ Yõldosh чиқиш қилди, шунингдек, QARAQOOM гуруҳи чиқиши тақдим қилинди.