Мексикадаги президентлик сайловларида 61 ёшли олим, Мехико шаҳрининг собиқ мэри Клаудия Шейнбаум ғалаба қозонди. Мексика Миллий сайлов институти ҳисоб-китобларига кўра, у 59 фоиздан кўпроқ овоз тўплади.

Шейнбаум мамлакат тарихидаги биринчи аёл президентга айланмоқда. CNN буни «чуқур патриархал маданияти билан танилган мамлакат учун тарихий ютуқ» деб атади. Шейнбаум Sigamos Haciendo Historia (Тарих яратишни давом эттирамиз) коалицияси томонидан сайловга номзод қилиб кўрсатилган, унинг таркибига учта партия, жумладан, амалдаги президент Андрес Мануэль Лопес Обрадорнинг ҳукмрон Морена партияси ҳам киритилган.

Обрадор Шейнбаумнинг сиёсий мураббийи саналади, дея қайд этди Reuters. Мексика конституцияси президентлик муддатини олти йил этиб чеклайди, шунинг учун Обрадор мексикаликлар орасида қашшоқликка қарши ислоҳотларни кенг қўллаб-қувватлашига қарамай, сайловларда қатнаша олмади.

Шейнбаум 1 октябрда лавозимга киришиши кутилмоқда. «Мен республиканинг 200 йиллигида биринчи марта Мексиканинг биринчи аёл президенти бўлишимдан миннатдорман», — деди у тарафдорларига.


  • Клаудия Шейнбаум физик бўлиб, фан номзоди даражасига эга. 2007 йилда у БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича ҳукуматлараро кенгашидаги иши учун Тинчлик бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлган. У сиёсий фаолиятини 2000 йилда бошлаган. 2015 йилда Шейнбаум Мехико шаҳридаги Тлалпан тумани раҳбари этиб сайланган биринчи аёл бўлди ва бу лавозимда 2017 йилгача ишлади. 2018 йилда у Мехико шаҳри мэри этиб сайланди — яна бундай лавозимни эгаллаган биринчи аёл бўлди, сўнг 2023 йил июнь ойида президентликка номзодини қўйиш учун истеъфога чиқди.
  • Мексикада оммавий сайловлар 2 июнь куни бўлиб ўтди. Жараён мамлакат тарихидаги энг йириги бўлди: уларда 98 миллиондан ортиқ сайловчи иштирок этди. Натижаларга кўра, президентлик лавозимидан ташқари 20 мингдан ортиқ сайланадиган лавозимлар, жумладан, сенаторлар ва мэрлар ҳам танланади.
  • CNN`нинг қайд этишича, сайловлар зўравонлик авжига чиққани билан ёдда қолди. Мексика ҳукуматига кўра, 2023 йил сентябридан бери сайлов кампаниясида 20 дан ортиқ номзод ўлдирилган.