Тошкент вилояти Тошкент туманида бемор ўз чақируви бўйича келган тез ёрдам шифокорига ҳужум қилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қўнғироқ 1 июнь куни соат 16:35 да қайд этилган, Чулавачи қишлоғида яшовчи 26 ёшли О.Ж. бош оғриғи шикояти билан мурожаат қилган. Соат 16:39 да қўнғироқ энг яқин бригадага ўтказилган, 16:45 да шифокор Т.Р ва фельдшер Н.О. манзилга етиб келган.

Ж.О. бош оғриғи, безовталик ва умумий ҳолсизликдан шикоят қилган, шунингдек, буйрак касаллиги бўйича даволанаётганини маълум қилган.

Дастлабки текширув вақтида шифокор қон босими, пульс ва ҳароратни ўлчаган ва фельдшерга оғриқ қолдирувчи инъекция тайёрлашни буюрган. Шифокор беморнинг қўшимча касалликлари ҳақида савол берганида, О.Ж. ўрнидан туриб, «Сан кимсан? Ишингни тезроқ қил», деган ва докторнинг юзига мушт билан урган. Жабрланувчининг лаби ва пастки жағ соҳасидан қон кета бошлаган, шундан сўнг шифокор бир муддат карахтлик ҳолатига тушган.

Шифокорлар воқеа ҳақида профилактика инспектори Қ.Т.га хабар берган.

Бошқа бир тез ёрдам бригадаси шифокорни Тошкент тиббиёт академияси қошидаги 3-сонли поликлиниканинг юз-жағ жарроҳлиги бўлимига етказган. У ерда эркакнинг қон кетиши тўхтатилиб, жароҳати тикилган, шундан сўнг шифокор ишга қайтган. Бироқ орадан маълум вақт ўтгач, бош оғриғи, бош айланиши, кўнгил айниши ва умумий ҳолсизликни ҳис қилган, шундан сўнг дарҳол Тошкент тиббиёт академияси қошидаги 2-сонли клиникага ётқизилган.

Нейрохирургия бўлимида соат 23:45 да жабрланувчига ташхис қўйилган: «Бош мия ёпиқ жароҳати. Бош мия чайқалиши. Ўнг томон пастки лаб соҳасида тикилган жароҳат. Ўнг пастки жағда юмшоқ тўқималар лат ейиши».

Агар шифокор тегишли идораларга мурожаат қилса, уни калтаклаган фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатилади, дейилади ҳокимлик хабарида.