Instagram`даги профилига гўёки Тошкент шаҳрини бошқа вилоятлик фуқаролар «босиб кетгани», улардан «қочиб юргани»ни айтиб видео юклаган қиз жавобгарликка тортилди, деб хабар берди Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармаси.

«Тошкентга келмаса-да мана шундай вилоятликлар, бахтли яшармидик биз ҳам, энсамиз қотмасдан, тўғрими? Қаранглар, шунча молларнинг ичида битта ўзим чиройли бўлиб турибман», — деган у видеосида. У вилоятликларни «исқирт» «ҳароми», «харип» деб атаган.

21 ёшли фуқаро суд мажлисида таниши билан «Локомотив» боғига, сўнг Seoul (Mun) харид марказига боргани, аммо у ерларда одам кўп бўлганини айтган. У шу сабабли «озгина кайфияти бузилиб, жаҳл устида ортиқча» гапириб юборганини, қилган ишидан пушаймон эканини билдириб, кечирим сўради.

Мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик) билан 15 сутка қамоқ жазоси тайинланди.

Тармоқларда тарқалган яна бир видеода қизнинг отаси эканини айтган шахс қизи хато қилганини билдирган. «Мисол учун, унинг [қизнинг — таҳр.] онаси ҳам вилоятлик, қашқадарёлик. Мен ҳам вилоятданман. Қўқонликман. Энди бу қиз ёш, мана шунақа деб юбораверади», — деган у.

Видео