Словения ҳукумати Фаластиннинг мустақиллиги ва суверенитетини тан олишга қарор қилди, дея хабар бермоқда «Медуза» республика Ташқи ишлар вазирлигига таяниб.

Қайд этилишича, қарор Словения Миллий Ассамблеясига тақдим этилади. «Фаластинни тан олиш икки давлат ва халқнинг тинч-тотув яшаши учун ягона йўлдир. Европа давлатлари орасида ҳамфикрлар сони ортиб бормоқда ва бу Европа Иттифоқи можарони ҳал қилишда тобора фаол роль ўйнаётганидан далолатдир», — деди ташқи ишлар вазири Тани Файон ўз изоҳида.

Словения бош вазири Роберт Голобнинг қўшимча қилишича, мамлакат ҳукумати Фаластинни «БМТ резолюциясида белгиланган чегаралар доирасида ёки бўлажак тинчлик битимида иштирок этувчи томонлар келишиб оладиган чегаралар доирасида» тан олишга қарор қилган. Унинг сўзларига кўра, Фаластинни тан олиш қарори «жанговар ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш ва [Исроил] гаровга олинганларни озод этишини исташни билдиради».

  • Ўтган ҳафтада Европанинг яна учта давлати Фаластинни мустақил давлат сифатида тан олганди — Испания, Норвегия ва Ирландия. Ушбу қарор 22 май куни эълон қилинган ва 28 майдан расман кучга кирган. Испания бош вазири Педро Санчес қарорни «ягона мақсад: исроилликлар ва фаластинликларга тинчликка эришишга ёрдам бериш» деб атаганди. Норвегия ташқи ишлар вазири Эспен Барт Эйде эса мамлакат 30 йилдан ортиқ вақт давомида «Фаластин давлатининг энг кучли тарафдорларидан бири» бўлганини эслатди.
  • Исроил юош вазири Биньямин Нетаньяху Европанинг уч давлатининг Фаластинни тан олиш қарорини «терроризм учун мукофот» деб атади. Исроил элчилари Испания, Норвегия ва Ирландиядан чақириб олинган.
  • Шу билан бирга, 28 май куни Дания парламенти Фаластинни давлат сифатида тан олиш ҳақидаги қонун лойиҳасига қарши овоз берди. Бу ҳақдаги қонун лойиҳаси тўртта сўл партия томонидан таклиф қилинган ва уни муҳокама қилиш чоғида Дания ташқи ишлар вазири Ларс Локке Расмуссен Фаластин давлатини тан олиш учун «ҳеч қандай дастлабки шартлар» йўқлигини айтган. Сайлов куни у парламент резолюцияни ҳозир қўллаб-қувватлай олмаса-да, «биз буни қила оладиган кун келишини хоҳлаймиз», деб қўшимча қилди.