Антония Людеке, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Болаларни ҳимоя қилиш бўлими раҳбари

Тарбия воситаси сифатида болани жазолаш — инсониятнинг ўзи каби қадимий амалиёт. Бутун дунёда, турли ҳамжамиятларда, уйда, мактабларда ҳар доим ота-оналар ва оилалар келажак авлодга муайян қадриятлар ва тартиб-интизомни сингдириш йўлларини излаб келади. Интизомни сингдириш усуллари азал-азалдан мавжуд ва кўпинча жамиятнинг муқаддас маданиятининг бир қисми ҳисобланади.

Биз ЮНИСЕФ амалиётидан биламизки, таълимда, фарзандларимизни иммунизация қилишда юксак қадрланадиган ёки болалар ўртасидаги никоҳ каби зарарли амалиётларга барҳам берадиган янги ижобий маданиятларни яратиш мумкин. Ҳамжамиятлар бир неча авлодлар учун амалда ишлаган ижтимоийлашув усулларига жуда эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишига қарамай, уларни кўпроқ манфаат топиш йўлида ишонтириш мумкин, деб ҳисоблаймиз.

Бугун мунозарали мавзу ҳисобланган, ота-оналарнинг кескин жавоб реакцияларига сабаб бўладиган масала — жисмоний жазолашга қарши ўз далилларимизни илгари сурмоқчимиз.

Интизомий мақсадларда болада оғриқ ёки ноқулайлик келтириб чиқаришга қаратилган уриш, юзга тарсаки тушириш ёки орқасига уриш каби ҳар қандай жисмоний хатти-ҳаракатларни ўз ичига олувчи жисмоний жазо, унинг самарадорлиги ва хавфсизлигига қарши далиллар тобора ортиб бораётганига қарамай, бу амалиётлар кенг тарқалганлигича қолмоқда.

Соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа кўплаб соҳалардаги тадқиқотлар ота-боболаримизнинг тарбиялаш усуллари янглиш бўлган бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда, янги тадқиқотлар ота-оналар, оилалар ва ҳамжамиятларни болаларни бошқача усулларда тарбиялашга ва жисмоний жазодан воз кечишга чақирмоқда.

Турли ижтимоий-маданий гуруҳларда олиб борилган тадқиқотлар натижаларига кўра, жисмоний жазолаш болаларда тажовузкорликнинг кучайиши, ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар, жисмоний шикастланиш ва руҳий саломатлик билан боғлиқ муаммоларга олиб келиши мумкин.

Айни пайтда дунёнинг 65 та мамлакатида уй шароитида жисмоний жазо қўллашни тақиқловчи қонуний чоралар қабул қилинган бўлиб, кўпчилик бу ҳимоя чораларини таълим муассасалари ва болалар мавжуд бўлган бошқа жойларга ҳам татбиқ этади. Кўпгина мамлакатлардаги бундай ўзгаришларга қарамай, ўзгаришлар ЮНИСЕФ истаган ва болалар муносиб бўлган суръатда эмас.

Ҳар йили 30 апрель Халқаро болаларни жисмоний жазолашга чек қўйиш куни сифатида нишонланади. Бу кун бутун дунё бўйлаб миллионлаб одамларга таъсир кўрсатадиган, чуқур илдиз отган амалиётга қарши курашиш мақсадида таъсис этилган.

Бу кун болаларни интизомга ўргатишнинг анъанавий усулларини қайта кўриб чиқиш ва ҳар қандай шарт-шароитларда, шу жумладан, уйда болаларнинг фаровонлигини ҳимоя қилувчи зўравонликдан холи ёндашувларни тарғиб қилишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Узоқ йиллик маданий меъёрлар асосида шаклланган жисмоний жазолаш амалиётининг сақланиб қолиши жиддий муаммолигича қолмоқда. Масалан, 2021−2022 йилги Кўп кўрсаткичли кластер тадқиқоти (MICS)да Ўзбекистондан олинган сўнгги статистик маълумотлар шуни кўрсатадики, 1−14 ёшдаги болаларнинг 62 фоизи жисмоний жазо ёки психологик тажовузнинг қандайдир шаклларини бошдан кечиради. Бу хавотирли кўрсаткич фақат Ўзбекистонга хос эмас. Шунга қарамай, у болаларни ҳимоя қилиш ва интизомга нисбатан маданий жиҳатдан таъсирчан, бироқ қатъий ёндашувни талаб қиладиган глобал муаммони акс эттиради.

ЮНИСЕФ болаларни зўравонликсиз тарбиялаш ва уларнинг қадр-қимматини ҳурмат қилишга асосланган ўқитиш усулларига ўтиш тарафдори. Бу жисмоний жазодан глобал миқёсда воз кечишни қўллаб-қувватлаган ҳолда, ҳеч қандай зўравонликларсиз ўз-ўзини назорат қилиш ва ҳурмат қилиш имконини берувчи интизом стратегияларини тарғиб қилишни ўз ичига олади.

Ўзбекистон каби мамлакатларда кучли жамият ва оила тузилмалари ижтимоий меъёрлар учун мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтайди. Ўзгаришларни амалга оширишда мазкур институтлардан фойдаланиш учун ноёб имконият мавжуд. Шу билан бирга, маҳаллалар зўравонликсиз тартиб-интизомни тарғиб қилиш учун самарали платформа бўлиб хизмат қилиши мумкин. Ушбу маҳаллий ҳамжамиятлар бола парвариши билан шуғулланувчи шахслар ва ўқитувчиларни муқобил ижобий интизом усулларидан фойдаланишга ўргатиш мақсадида ўқув материалларини тарқатиш ва семинарлар ташкил этиш учун тамомила мос келади.

Бу борадаги ишларни бошлаб олишда бола парвариши билан шуғулланувчи шахслар ва ўқитувчиларни қўллаб-қувватлаш ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Уларни интизомнинг муқобил усулларини таклиф қиладиган таълим ва ресурслардан доимий фойдаланиш имконияти билан таъминлаш талаб этилади. Ушбу ёндашувларнинг узоқ муддатли афзалликларини алоҳида қайд этиб ўтиш жоиз. Бундай таълим дастурлари жамиятнинг ўзига хос эҳтиёжларига мослаштирилган ва болаларни ҳимоя қилишнинг глобал стандартларига мос келадиган жамоат марказлари, мактаблар ва соғлиқни сақлаш муассасаларида кенг фойдаланилиши керак.

Бундан ташқари, жисмоний жазолашга қарши мустаҳкам ҳуқуқий асосни таъминлаш йўлида қатъий сиёсий ислоҳотлар зарур. Қонунчилик болалар таълим оладиган ва ўсиб-улғаядиган барча жойларни қамраб олиши, жисмоний жазо қўлланилиши қонунга зид эканлиги изчил ва аниқ етказилиши керак. Ўзбекистон 2018 йилги Ўзбекистоннинг Умумжаҳон даврий таҳлили доирасида берилган тегишли тавсияларни аниқ қабул қилган ҳолда, болаларга нисбатан ҳар қандай жисмоний жазони тақиқлаш тарафдори эканлигини билдирган.

Ахлоқ тузатиш муассасаларида интизомий жазо чораси сифатида ва жиноят учун жазо сифатида жисмоний жазо қўллаш қонунга хилоф эканлигини инобатга олсак, бу тақиқ ҳалигача уйда, муқобил болаларни парваришлаш муассасаларида, болалар боғчаларида ва мактабларда жорий этилмаган. Қонунчилик интизомга бўлган муносабатни ўзгартиришга ёрдам берадиган ва зўравонликсиз ижобий интизом усулларини қўллашни рағбатлантирадиган самарали ижро механизмлари ва кенг тарқалган таълим кампаниялари билан бир вақтда амалга тадбиқ этилиши лозим.

Болалар ҳуқуқларини барча соҳаларда ҳимоя қилиш тарафдори эканлигимизни яна бир бор исбот қилайлик. Бу кун жамиятнинг барча даражаларида — сиёсатчилардан тортиб ўқитувчилар ва оилаларгача — доимий мулоқот ва ҳамкорлик учун имкон яратган ҳолда, глобал ва маҳаллий саъй-ҳаракатлар учун катализатор вазифасини ўташи лозим. Бу орқали нафақат болаларни ҳимоя қиламиз, балки ўзаро ҳурматга асосланган ва зўравонликлардан ҳоли муносабатларни тушунадиган ва қабул қиладиган келажак авлодларни тарбиялашга ҳисса қўшамиз.

Хулоса қилиб айтганда, жисмоний жазолашга чек қўйиш ҳам қонунларни, ҳам ижтимоий меъёрларни ўзгартириш масаласидир. Болалар билан боғлиқ ҳар қандай маконда зўравонликдан ҳоли амалиётларни тарғиб қилиш ва жорий этиш орқали болаларга зўравонликдан холи ҳурмат ва интизомнинг сингдирилишига эришиш мумкинлигига кафолат берамиз. Бундай ёндашув болаларнинг жисмоний, ҳиссий ва руҳий саломатлиги, ҳаммага бирдек ҳурмат ва қадр-қимматни қадрлайдиган ва амалда қўллайдиган жамиятни ривожлантириш учун жуда муҳим.

Ушбу кенг қамровли стратегия нафақат зарарли амалиётларни йўқ қилишга қаратилган. Гап фарзандларимизни соғлом ва лаёқатли бўлиб вояга етишлари учун уларни қандай тарбиялаш ва йўналтириш масаласини қайта кўриб чиқиш устида бормоқда. Жамоавий саъй-ҳаракатлар ва умумий мажбурият воситасида барча болалар учун уларга янада кўпроқ ғамхўрлик ва ҳурмат кўрсатиладиган дунёга йўл очишимиз мумкин.